Сарсонлик – саргардонлик...
Инсон ҳаёти ўзи истагандай кечмаслигига доим ҳам кўнавермайди. Тирикчиликнинг ўзига хос ташвиши, қувонч-у изтироби исталмаган, кутилмаган ўзанларга бошлаганини сезмай қоласан, киши. Беихтиёр, турмушнинг оғриғи, азобига ҳам кўникасан. Баъзан чора истаб изланасан, машаққат билан етганинг саробга ўхшайди. Кўникиш ҳисси исканжасида яшай бошлайсан. Айниқса, кўчиб яшаш “таъми”ни татиганларга осон эмас...
Ахборот технологияси ривожлангани сайин дунёнинг сир-асрори қолмади, ҳисоб. Ҳозир воқеа-ҳодиса лаҳзада тарқалади. Ҳатто, ўта сирли фитна-фужур, яхшилик ва ёмонлик ҳали либосини ечмай, ошкор бўлмоқдаки, бундай ҳол хабардорлик эҳтиёжини оширмоқда. Бугун ҳамма жойда ўқиш, кўриш имкони бор.
Ихтиёрий ёки мажбурий кўчиш, уруш, очарчилик дунёнинг турли минтақаларидаги халқларни, этник озчиликни жон сақлаш учун фаровон, тинчлик барқарор юртларга қочишга мажбур қилмоқда. Айниқса манфаат тўқнашган манзилдаги безовталик одамларни сарсон- саргардон қилиб қўяди.
Шундай пайт “Йўл азоби – гўр азоби” деган гап ёдга тушади.
Баъзида йўқчилик, етишмовчилик кишини бошқа юртда сарсон бўлиб ишлаш, яшашга мажбур қилади. Шу дард билан изланаётганлар умумий ном билан “мигрантлар” дейилади. Уларнинг сони уч юз миллионга етиб қолди-ки, дунёнинг тинчлиги қуш уясидай омонатлигини кўрсатди.
Миграция деганда узоқ-яқинда ишлайдиган ёки кўчиб юрган инсонлар тушунилади. Африкадаги очарчилик, урушлар, Яқин Шарқдаги муросасиз келишмовчилик илм-фан, ҳаёт ўта ривожланган бир даврда рўй бермоқда. Бугун одамлар жон сақлаш илинжида ҳаётини хатарга қўйиб қочқинга, муҳожирга айланмоқда. Технология ривожлангани сари инсоният муаммо гирдобига тобора чуқур кириб бораётгандек. Кимдир оч, юпун ҳолатда жон сақлаш учун нажот излаяпти. Бошқа бировнинг миллиардлари қадрини йўқотмоқда. Дунё соғлом фикрли жамиятга ташна.
Ҳозир Африка, Яқин Шарқ ва бошқа минтақалардан кўчаётган, қочаётганларнинг ягона илинжи жон сақлаш ва тинчликда яшаш истагидир. Келинг, рақамларга мурожаат қиламиз.
БМТ маълумотига кўра, ҳозир ер юзи бўйлаб тахминан 281 миллион халқаро муҳожир бор. Бу дунё аҳолисининг 3,6 фоизи. Сўнгги йилларда сон ва кўлам кескин ошган. 2020 йил дунёда 1990 йилга нисбатан 128 миллион, 1970 йилга нисбатан эса уч баробар кўп муҳожир қайд қилинган.
Охирги ўн йилликда мигрантлар учун энг жозибадор давлатлар Америка Қўшма Штатлари ва Германия бўлди. 1970 йил АҚШда 12 миллион хорижлик бор эди, бугун уларнинг сони 51 миллиондан ортган. Германияда эса фақат охирги 10 йилда халқаро мигрантлар сони 8,9 миллиондан 16 миллионга етди.
Франция, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони ҳам муҳожирлар учун жозибадор давлатлар ҳисобланади. БААда аҳолининг 88 фоизини чет эллик меҳнат муҳожирлари ташкил қилади.
Умуман, дунё аҳолисининг 60 фоиздан ортиғи иш ва яхши ҳаёт излаб Европа ёки Осиёга боради. Кўҳна қитъада 87 миллион хорижлик ишчи яшайди, Осиёда эса 86 миллион. Кейинги ўринни эгаллаган Шимолий Америкада 59 миллион халқаро муҳожир ишлайди. Бу жаҳон миграция оқимининг 21 фоизини ташкил қилади. Муҳожирларнинг 9 фоизи Африкада, 3 фоизи Океанияда.
Муҳожирларнинг 40 фоизи Осиёнинг аҳолиси энг кўп давлатларига тўғри келади: Ҳиндистон, Хитой, Бангладеш, Покистон, Филиппин ва Афғонистон. Дунё миқёсида эса Ҳиндистон биринчи, Мексика иккинчи, Россия учинчи ўринда.
Маълумотга кўра, бугунги кунда ер юзи бўйлаб 70 миллион одам мажбурий кўчирилган. Шундан 26 миллиони қочқин, 3,5 миллиони бошпана изловчи, 41 миллиондан зиёди ички кўчирилганлар.
Мигрантларнинг 48 фоизи аёл, 38 миллионга яқини бола, 4,4 миллион нафари талаба, 164 миллиони меҳнат муҳожири. 75 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшда (20-64 ёш). Уларнинг 31 фоизи Осиёда, 30 фоизи Европада, 26 фоизи Америкада, 10 фоизи Африкада ва 3 фоизи Океанияда яшайди.
Ўрни келганда айтиш жоиз: 2019 йил узоқ-яқин хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик мигрантлар сони 2 миллион 600 нафарни ташкил қилган. Норасмий маълумотларда эса айни рақам анча юқорилиги айтилади. Ўзбек муҳожирларининг аксари Россия, Туркия ва Жанубий Кореяда.
Маълумки, 2016 йил сентябрь ойида БМТ мигрантлар ва қочқинлар масаласи бўйича илк бор умумжаҳон декларациясини қабул қилди. “Нью-Йорк декларацияси” номли ушбу ҳужжат мигрантлар ва қочқинларга нисбатан инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш, жавобгарлик бурчи барча учун бир хил бўлиши, ҳаёт ҳар нарсадан устун қўйилиши каби меъёрлардан фойдаланишга даъват этади.
Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ)га 2018 йил 27 ноябрда аъзо бўлган. Ўша йили ХМТ ҳамкорлигида Самарқандда миграция бўйича янги марказ ҳам очилди. 2020 йил Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан ХМТ ўртасида Ҳамкорлик битими имзоланди. Шундан буён мамлакатимизнинг мазкур тузилма билан фаол алоқалари изчил ривожланмоқда.
Бугунги кунда дунё аҳолисининг қарийб 4 фоизини мигрантлар ташкил қилади. Фаровон мамлакатларга кўчиш нечоғли мураккаб бўлмасин, қочқинлар камаймаяпти. Инсон умри қисқа. Ҳаёт эса қувонч-у ташвиш ичра кечади. Ҳар қалай, “Ўз уйинг – ўлан тўшагинг” бўлгани яхшида!
Абдуғафур Маматов, ЎзА