Сарсонгарчилик ва тарқоқ тизимдан хонадонларга кириб борган адолатли ижтимоий ҳимоя сари
Мустақилликнинг 35 йиллиги
Бугун Ўзбекистон ўз тарихий тараққиётининг мутлақо янги, шиддатли ва инсонпарвар босқичини босиб ўтмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли, чуқур ва тизимли ислоҳотлар марказида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ва бугун ҳаётимизнинг бош қоидасига айланган “Инсон қадри учун” деган тамойил мужассам. Айниқса, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимидаги туб бурилишлар, тизимли янгиланишлар халқимиз ҳаёт сифатини тубдан яхшилаш, жамиятда “ҳеч ким ҳеч қачон эътибордан четда қолмайди” деган қатъий ишонч туйғусини қарор топтиришга хизмат қилмоқда.
Хўш, биз бунга қандай етиб келдик? Бугунги кундаги тизимли ўзгаришларнинг туб моҳияти, сиёсий-ҳуқуқий ва тарихий аҳамияти нимада? Ушбу саволларга жавоб топиш учун яқин ўтмишнинг аччиқ ҳақиқатларига ҳамда бугунги кун реаллигига назар ташлаш, уларни холисона тарозига қўйиш кифоядир.

Агар яқин ўтмишга, яъни бундан 8-10 йил олдинги даврга назар ташласак, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида тизимли муаммолар, концептуал камчиликлар ва сурункали оғриқлар мавжуд бўлганини яққол кўрамиз. Илгари ижтимоий ёрдам кўрсатиш вазифаси тарқоқ, бир-биридан узилган тизимга эга эди. Бу вазифа Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Молия вазирликлари, Пенсия жамғармаси ва маҳаллалар ўртасида тарқатиб юборилган тартибда амалга оширилган. Ягона давлат сиёсатини юритиш, ажратилаётган маблағларнинг манзилли ва тўғри етиб боришини назорат қилиш деярли имконсиз эди.
Энг ачинарлиси, тизимда бюрократия ва сансалорлик авж олгани боис, муҳтож оилалар давлатдан оддийгина ижтимоий нафақа ёки кўмак олиш учун ҳам ўнлаб идоралар остонасида сарсон бўлиб, ҳафталаб маълумотнома йиғишга мажбур бўларди. Қарор қабул қилишда инсон омили юқори бўлгани сабабли, ижтимоий ёрдам ҳақиқатда муҳтож бўлган оилаларга эмас, балки кўпинча “таниш-билишчилик” ёки маҳаллий субъектив қарашлар асосида тақсимланарди.
Бундан ташқари, ўша даврдаги ёндашув мутлақо пассив характерга эга эди. Давлатнинг бор функцияси фақат вақтинчалик пул ёрдами беришдан иборат бўлиб, оилаларни камбағаллик ботқоғидан олиб чиқиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўргатиш ва иқтисодий мустақилликка эриштириш каби фаол чора-тадбирлар кун тартибида белгиланмаганди. Бу эса жамиятда боқимандалик кайфиятининг илдиз отишига шароит яратарди. Мухтасар айтганда, ўтган даврда ижтимоий ҳимоя тизими инсонни муаммодан озод қилувчи эмас, балки уни муаммо билан бирга яшашга маҳкум этувчи вақтинчалик восита бўлиб қолганди.
Мамлакатимизда бошланган янги давр ислоҳотларининг энг катта, тарихий ва ортга қайтмас ютуқларидан бири бу – Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг умумхалқ референдуми асосида қабул қилиниши бўлди. Бош қомусимизда илк бор Ўзбекистон ижтимоий давлат эканлиги қатъий белгилаб қўйилди.
Бош қомусимизда мустаҳкамланган ижтимоий давлат тамойиллари асосида ҳар бир фуқаронинг муносиб ҳаёт кечириши, уй-жойга эга бўлиши, малакали тиббий ёрдам ва сифатли таълимдан мутлақо эркин фойдаланиши конституциявий кафолатга айланди. Шу билан бирга, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар давлатнинг алоҳида муҳофазаси ва оталиғига олиниб, камбағалликни қисқартириш ҳамда ишсизликка қарши изчил курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қатъий муҳрланди. Аҳамиятлиси, ушбу конституциявий ўзгаришлар шунчаки баландпарвоз шиорлар эмас, балки бугун ҳар бир ватандошимизнинг ҳаётида, рўзғорида ва эртанги кунга бўлган ишончида акс этаётган амалий ҳуқуқий пойдевордир.
Шунингдек, ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ислоҳотлар ижросини таъминлаш, тизимни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мутлақо янги тузилма – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Буни соҳадаги энг катта институционал қадам ва инқилобий янгиланиш дейиш мумкин. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ташкил этилиши соҳада туб бурилиш ясаб, тарқоқ ҳолдаги барча хизмат ва функцияларни, маблағ ҳамда методологияни ягона марказга жамлади.
Бугунги кунда шаҳар ва туманларда фаолият юритаётган “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари оғир вазиятга тушиб қолган фуқароларга маҳалла даражасида комплекс ижтимоий, психологик ва юридик кўмак бераётган бўлса, тизимга янги кириб келган профессионал “ижтимоий ходимлар” ҳар бир оиланинг аҳволини хонадонларга кирган ҳолда индивидуал ўрганиб, уларнинг ички кечинмалари ва муаммоларини жойида аниқлаган ҳолда манзилли иш олиб бормоқда.
Қолаверса, янги тизимнинг муваффақияти замонавий рақамли технологиялар билан бевосита боғлиқдир. Президентимиз томонидан илгари сурилган рақамлаштириш сиёсати ижтимоий соҳадаги коррупция, таниш-билишчилик ва бюрократия каби иллатларга бутунлай чек қўйди. Жумладан, “Ягона ижтимоий ҳимоя реестри” ахборот тизимининг ишга туширилиши соҳада шаффофликни таъминлади.
Бугунги кунда нафақа ёки ижтимоий ёрдам тайинлаш жараёнида инсон омили тўлиқ бартараф этилган. Оиланинг даромадлари, кўчмас мулки ва автотранспорт воситалари ҳақидаги маълумотлар вазирликларнинг электрон базаларидан автоматик равишда олинади. Ариза берувчининг ҳақиқатда муҳтож ёки муҳтож эмаслигини рақамли тизим аниқлайди. Маблағлар эса ҳеч қандай воситачиларсиз, тўғридан-тўғри фуқаронинг банк картасига ўтказиб берилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг ижтимоий қўллаб-қувватлаш модели фақат нафақа бериш билан чекланиб қолмайди. Бу борада дунё тажрибасида мутлақо ноёб бўлган янги тизим – “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” механизмлари яратилди. Мазкур тизим ва манзилли дастурлар доирасида камбағаллик чегарасидаги оилаларнинг ишсиз аъзолари, хотин-қизлар ва ёшлар бепул касб-ҳунарга ҳамда замонавий IT-технологияларга ўқитилаётган бўлса, ўз бизнесини бошлаш иштиёқидаги фуқароларга имтиёзли кредитлар, қайтариб берилмайдиган субсидиялар ва тикув машинаси, зарур асбоб-ускуналар каби меҳнат жиҳозлари ажратилмоқда. Иқтидорли, аммо ижтимоий шароити оғир бўлган талабаларнинг олий таълим муассасаларидаги шартнома пуллари давлат томонидан тўлиқ тўлаб берилмоқда.
Бундай саъй-ҳаракатлар натижасида юз минглаб оилалар нафақахўрликдан чиқиб, тадбиркор, касаначи ва доимий даромад эгасига айланмоқда. Бу эса жамиятда боқимандалик муҳити ўрнини соғлом рақобат ва меҳнатсеварлик эгаллаётганидан далолат беради.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимида амалга оширилган трансформация шунчаки оддий соҳавий ислоҳот эмас, балки миллий давлатчилигимиз тарихидаги буюк маънавий ва сиёсий эврилишдир. Биз бугун тарихий бир паллада турибмиз. Мамлакатимиз ўз мустақиллигининг шонли 35 йиллик байрамини кутиб олмоқда. Ортда қолган ўттиз беш йиллик машаққатли ва шарафли йўлимизга назар ташлар эканмиз, Янги Ўзбекистон босқичида эришилган энг катта ютуқ – бу инсон қадрининг давлат сиёсати даражасига кўтарилганидир.
Бугун Янги Ўзбекистон фуқароси ўз давлатининг ишончли ҳимоясида эканлиги, унинг қадри ва манфаатлари ҳар нарсадан устун туришини юракдан ҳис қилмоқда. Ижтимоий адолат ва инсон қадри мужассам бўлган давлатнинг пойдевори эса ҳамиша заволсиздир. Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйига энг муносиб туҳфа – бу эртанги кунига қатъий ишонч билан боқаётган, давлатидан рози ва бахтли юртдошларимизнинг кулгуси, уларнинг хонадонларидаги қут-баракадир.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА