Сархил маҳсулотлар – эл дастурхонига
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида "Ўзулгуржисавдоинвест" уюшмаси корхоналарида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, мевали боғлар барпо этиш, захира яратиш, совутгичли сиғимлар ва йирик савдо дўконлар қуриш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида "Ўзулгуржисавдоинвест" уюшмаси корхоналарида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, мевали боғлар барпо этиш, захира яратиш, совутгичли сиғимлар ва йирик савдо дўконлар қуриш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга йўналтирилганини бозорларимиздаги тўкинлик мисолида яққол кўриш мумкин. Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 26 январдаги “Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш, оилалар фаровонлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
– Тизимда шартнома асосида олтмишга яқин улгуржи савдо базаси ва корхона фаолият юритмоқда, – дейди “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмаси раиси ўринбосари Равшан Ҳамидбеков. – Улгуржи харид қилинган маҳсулотларни сақлаш учун 116 минг квадрат метр совутилмайдиган ва 60 минг тонналик совутиладиган омборхоналар мавжуд. Шундан 51 минг тоннадан зиёд совутиладиган сиғимлар картошка, сабзи, пиёз, мева, полиз ҳамда гўшт маҳсулотларини сақлашга ихтисослаштирилган.
Мева-сабзавот ва бошқа экинлар мавсумий бўлганлиги боис сархил маҳсулотларни жамғариш, уларни тўғри ва сифатли сақлаш тизимдаги корхоналарнинг доимий эътиборида. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги “2011-2015 йиллар даврида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ омборларни реконструкция қилиш ва замонавий совутиш ускуналари ўрнатиш ҳисобига аҳолини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Мева ва сабзавот маҳсулотларини сақлашни янада кўпайтириш учун 2011-2014 йилларда 51 минг 540 тонна сиғимга эга янги, замонавий совутгичлар ишга туширилди. Барча ҳудудларда махсус омборлар қурилаётгани ва маҳсулотларни сақлаш технологияси такомиллаштирилаётгани сақланадиган мева-сабзавотлар тури ва ҳажми ошишида муҳим омил бўлмоқда. Тизимдаги корхоналарнинг омборхоналари, совутиш ва музлатиш камералари замонавий технологиялар асосида тайёрланган сендвич-панелларидан қурилгани маҳсулотларни янги ҳосил пишиб етилгунча сақлаш имконини беради.
Жорий йил ҳосилидан 2015-2016 йил қиш-баҳор мавсумида бозорларда нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида уюшма омборларида 70 минг тоннадан зиёд картошка, пиёз, сабзавот, мева, полиз ва дон маҳсулотлари захирасини яратиш мўлжалланмоқда. 17 минг тонна картошка, пиёз, қарийб 20 минг тонна сабзавот, мевалар, 500 тонна гўшт захираси шулар сирасидандир. Бу маҳсулотлар декабрь-май ойларида ички бозорда сотилади. Бунинг учун жорий йилнинг баҳорида фермер ва деҳқон хўжаликлари билан маҳсулот харид қилиш бўйича 60 миллиард сўмликдан зиёд шартномалар тузилди.
Ҳудудларда янги савдо корхоналари ташкил этилиб, аҳолига хизмат кўрсатиш ҳажми ортмоқда. Мисол учун, ўтган йили Термиз шаҳрида, Денов ва Зомин туманларида йирик супермаркетлар ишга туширилди. Жорий йилда Термиз ва Урганч шаҳарларида янги савдо мажмуалари фойдаланишга топширилади.
Озиқ-овқат ресурсларини кўпайтириш мақсадида уюшма тизимида чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик хўжаликлари ташкил этилмоқда. Янги интенсив боғлар яратилмоқда. Жорий йилда 125 гектар майдонга 60 мингга яқин турли мевали дарахт экилди. 1 минг 390 гектарда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилмоқда. Жумладан, Қашқадарё вилоятида 230 гектарда тезпишар "Жиян" навли қовун, Хоразм вилоятида 600 гектарда шоли, Тошкент вилоятида 500 гектарда сабзавотлар етиштирилмоқда.
Анжуманда аҳолини ижтимоий муҳим ва бошқа маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ҳисобига озиқ-овқат захирасини кўпайтириш ва истеъмол бозори хавфсизлигини таъминлаш борасидаги вазифалар тўғрисида сўз юритилди.
Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.