Сарҳисоб: 2025 йилда аҳоли ва бюджет ташкилотлари кўмир билан тўлиқ таъминланди
Бугун Ўзбекистон миллий матбуот марказида "Ўзбеккўмир" акциядорлик жамиятининг 2025 йил якунлари ҳамда 2026 йил учун белгиланган устувор вазифаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда "Ўзбеккўмир" АЖ бош директорининг биринчи ўринбосари Эркин Ёқубов жамият фаолиятининг асосий натижалари, амалга оширилган ислоҳотлар ва истиқболдаги режалар юзасидан атрофлича маълумот берди.
2025 йил якунларига кўра, жамият томонидан ишлаб чиқариш кўрсаткичлари барқарор таъминланган. Хусусан, 7 миллион 137 минг тонна кўмир қазиб чиқарилиб, белгиланган прогноз 105 фоизга бажарилган. Ишлаб чиқариш ҳажми амалдаги нархларда қарийб 1 триллион 868 миллиард сўмни ташкил этиб, режа ортиғи билан бажарилган.
[gallery-28466]
– Шу билан бирга, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини кўмир билан таъминлаш бўйича барча вазифалар тўлиқ ижро этилди. 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсуми учун аҳоли ва бюджет ташкилотлари 100 фоиз кўмир билан таъминланди. Бу жараёнда шаффофликни таъминлаш мақсадида “mycoal.uz” электрон платформа орқали сотув тизими самарали йўлга қўйилди. Йил давомида 8 та инновацион лойиҳа амалга оширилиб, ишлаб чиқариш самарадорлиги оширилди, ёқилғи ва энергия ресурсларидан тежамкор фойдаланиш таъминланди ҳамда экологик таъсир камайтирилди. Техникаларга GPS тизимлари жорий қилиниб, назорат кучайтирилди, замонавий радиоалоқа воситалари ишга туширилди. Қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергияси сарфи қисқартирилди.
Ходимларимизни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам эътибор марказида бўлди. 2025 йилда ўртача иш ҳақи 15,9 фоизга оширилиб, 7,3 миллион сўмга етказилди ва йил якунида эса ходимларга салмоқли миқдорда мукофот пуллари тўланди. Жамиятда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Бошқарув ва ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий ахборот технологиялари жорий этилиб, электрон ҳужжат айланмаси ва рақамли назорат механизмлари такомиллаштирилди, –деди Э.Ёқубов.
Масъуллар қайд этганидек, 2026 йилда жамият олдига янада кенг қамровли вазифалар қўйилган. Хусусан, жорий йилда 36 367,0 минг метр куб ҳажмда кон устки қисмини очиш ва 5,7 миллион тонна кўмир қазиб олиш режалаштирилган. Асосий истеъмолчиларга биринчи ярим йилликда 3,4 миллион тоннадан зиёд кўмир етказиб берилади.
Энергия ва ёқилғи ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобидан биринчи ярим йилликда 8 миллиард сўмдан ортиқ маблағни иқтисод қилиш, шунингдек, юзлаб тонна дизель ёқилғисини тежаш ва 3 миллион киловатт-соатдан зиёд электр энергиясини сақлаб қолиш кўзда тутилган.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида янги турдаги эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш кенгайтирилиб, биринчи ярим йилликда 3,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА