“Сардорлар, сиз ёлғиз эмассиз!“
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши томонидан пойтахтимизда “5 ташаббус – беш имкон” шиори остида Республика сардорлар форуми бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши томонидан пойтахтимизда “5 ташаббус – беш имкон” шиори остида Республика сардорлар форуми бўлиб ўтмоқда.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Алишер Саъдуллаев иштирок этди.
– Сиз фақатгина жамоат ишларида эмас, жамиятда фаол бўлишингиз керак, – деди Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева. – Бунинг учун тизимда ёшлар парламентини ташкил қилиш лозим. Ўшанда сизлар Олий Мажлис Сенатида ташкил этиладиган ялпи мажлисларда кузатувчи сифатида қатнашишингиз мумкин бўлади. Ёшларни қандай муаммолар қийнамоқда, қонун лойиҳаларига қандай таклифларингиз бор, шу ҳақда ўз фикрингизни эркин баён этишингизга имконият яратилади. Ёшлар ҳақида қонунлар қабул қилинганда муҳокамаларда сизлар иштирок этишингиз шарт.
Маълумки, “Камалак” болалар ташкилоти 2003 йил 21 май куни ташкил топган. Ташкилот ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ёшлар иттифоқи қошида амалга оширади. Ташкилот фаолиятининг асосий мақсади – болаларни миллий ғоя асосида Ватанига содиқ, комил фарзандлар этиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ифода этиш, ҳимоя қилиш, истеъдоди ва қобилиятини рўёбга чиқариши ҳамда ривожлантириши учун шароитлар яратиб беришдан иборат.
Унинг энг қуйи бўғини – таълим муассасаларидаги “Камалак” болалар ташкилотининг Сардорлар кенгаши бўлиб, у болаларни ўз атрофида бирлаштиради. Сардорлар кенгаши умумий ўрта таълим муассасаларида Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти қошида фаолият юритади.
Тадбирда давлатимиз раҳбари илгари сурган 5 та муҳим ташаббусдан кўзланган асосий мақсад ҳақида фикр билдирилди.
– Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусда ёшларнинг таълим олиши ва уларнинг тарбиясига асосий эътибор қаратилган, – деди С.Мирзиёева. – Уларнинг тўлиқ бажарилиши, миллионлаб йигит-қизларимиз янада билимли, маънан баркамол ва жисмонан соғлом, энг асосийси, бахтли бўлишига хизмат қилади. Аммо бу жараён ўз-ўзидан ёки юқоридан буйруқ бериш билангина амалга ошмайди. Бунда юртимизнинг сизлар каби энг фаол ва жўшқин ёшларининг ўрни жуда катта. 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида лойиҳа офисининг ташкил этилгани бу йўлдаги дастлабки катта қадамдир. Мазкур офис белгиланган вазифаларни Ўзбекистон бўйлаб тизимли олиб боришга кўмаклашади. Бу ғояга миллионлаб одамларни жалб қилиб, уни ҳақиқий маънода халқ ва ёшлар ҳаракатига айлантиришга ёрдам беради. Бунда, аввало, офис бошқарув кенгаши аъзолари республика миқёсидаги сардорлар зиммасига катта масъулият юклайди. Ёшларга етакчилик қилиш, атрофдагиларга намуна бўлиш осон эмас. Лекин қалбимизда Ватанга муҳаббат, фидойилик, эртанги кунга ишонч бўлса, бу бизга куч беради. Сардорлар, сиз ёлғиз эмассиз. Президентимиз, ҳукумат аъзолари, мана биз сизнинг ёнингиздамиз. Доимо сизларни қўллашга тайёрмиз.
Республика сардорлар кенгаши сайловида чин маънода муносиб, қийинчиликлардан қўрқмайдиган, энг ташаббускор ва энг тиришқоқ ёшлар ғалаба қозонишига ишонч билдирилди.
Ёшлар ижод саройида иштирокчилар учун “Амир Темур” номли голограмма спектакль намойиш этилди.
– Бундан икки йил аввал Хитойга ташрифимиз мобайнида голограмма театри намойишида иштирок этган эдик, – деди Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси раиси Муродулла Алимбоев. – Ўшанда нега Ўзбекистонда ҳам шундай лойиҳа қила олмаймиз, деган савол пайдо бўлди. Уни амалга оширишга астойдил бел боғладик. Буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур ҳақида голограммага асосланган тарихий спектакль меҳнатимизнинг илк маҳсули бўлди. “Hologram Wоrld” голограммани яратувчи илғор технологиялар Германия, Япония ва Хитойдан олиб келинди. Ижодий жамоа ўз ишининг профессионалларидан иборат. Уларни тўплаш қийинчилик туғдирмади. Негаки, юртимизда истеъдод эгалари жуда кўп. Уларни юзага чиқариш кифоя, ижодий жараёнда айни жиҳатга алоҳида эътибор қаратдик.
Сайлов доирасида сардорлар ва ҳудудий “Камалак” болалар ташкилоти раислари учун семинар-тренинг ташкил этиш, шунингдек, уларнинг Тошкент шаҳридаги Президент мактабига ташриф буюриши режалаштирилган.