Сардорлар анжумани — ташаббуслар майдони
Бўстонлиқ туманидаги "Ёшлар" оромгоҳида Ўзбекистон болалар ташкилоти томонидан интизорлик билан кутилган Болалар ҳаракати сардорларининг анъанавий анжумани ўтказилди.
Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан йиғилган энг фаол, креатив ва шижоатли сардорлар иштирокида “90 кун маҳаллаларда болалар ташкилоти билан” лойиҳасига старт берилди.


Анжуманнинг тантанали очилиш маросими ўзгача шукуҳ билан ўтди. Унга Ўзбекистон болалар ташкилоти томонидан кашф этилган митти истеъдодларнинг жарангдор овозлари алоҳида файз ва сеҳр бағишлади. Айниқса, уларнинг чиқишида ҳам болаларча соф беғуборлик, ҳам нуфузли тадбирга мос юксак тайёргарлик сезилиб турди.
Анъанавий анжуманнинг иккинчи кунида белгиланган режага асосан иштирокчилар турли мавзулардаги ўқув-семинарларда қатнашди. Жараёнда Тошкент вилояти сардорлари ҳам фаол иштирок этди.


Хусусан, сардорлар "UzCombinator" лойиҳаси бўйича тажрибали мутахассис Муродилло Исмоиловдан зарур билимларни ўрганди. Жараёнда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.


Бир неча кун давом этган анжуман якунида ўз фаоллиги ва ташаббуслари билан ажралиб турган энг намунали сардорлар тақдирланди. Шунингдек, бир гуруҳ сардорларга махсус кўкрак нишони тантанали равишда топширилди. Муҳими, бу нишон шунчаки мукофот эмас, бу ишонч, масъулиятдир. Уни олган ҳар бир сардор ўз ортидан юзлаб тенгдошларини эзгу ишларга чорлай оладиган ҳақиқий етакчи эканини намоён этиши лозим.
А.Мусаев, ЎзА