Сардобалик ёшларга 132 ноутбук совға қилинди
Мутасаддилар “Шодлик“ маҳалла фуқаролар йиғинидаги иш жараёнлари билан танишди.
Барча савоб талаб инсонлар қатори Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳам Сардоба сув омборида техноген фожиасидан талафот кўрган ҳудудда тиклаш ишларида қатнашмоқда. Вилоят ҳокимлиги Оқолтин туманидаги “Шодлик“ маҳалла фуқаролар йиғинида зарар кўрган 132 хонадонни қуриб, 50 гектар майдонда ободонлаштириш ишларини амалга оширишни зиммасига олган.
Рамазон ҳайити куни муносабати билан Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов бошчилигида сектор раҳбарлари ушбу қурилиш-тиклаш тадбирлари амалга оширилаётган маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди.

Мутасаддилар “Шодлик“ маҳалла фуқаролар йиғинидаги иш жараёнлари билан танишди. Шунингдек, Рамазон ҳайити муносабати билан 132 оиланинг ёшларига ноутбук ҳамда ширинликлар туҳфа қилинди.
Шу кунга қадар, Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан мазкур манзил қурилишига жами 780 метр куб шағал, 180 метр куб қум, 400 метр куб щебень, 340 метр куб кленец, 46 минг дона пишган ғишт, 150 тонна цемент, 410 метр куб ёғоч, 15 тонна арматура, 2100 дона базальт плитаси, 25 тонна қуруқ қоришмалар, 2700 метр квадрат профнастиль материаллари олиб келинди.

Тошкент вилояти ахборот хизмати маълумотига кўра, айни кунгача Шодлик маҳалласидаги 132 уйдан 105 тасининг ҳовлилари ва поллари сувлардан буткул тозаланган. 110 уйда демонтаж ишлари якунланди, 100 уйнинг деворлари тикланиб, томни ёпиш юмушлари бошланди ва 68 таси профнастиль қоқишга тайёр ҳолга келтирилди.
Шунингдек, ҳудуддаги 5 кўчанинг 2,5 км. масофадаги ички йўлларининг 1,7 километри қайта тикланди.