Сардобалик ўқувчиларга россиялик ўқитувчи сабоқ бермоқда
Россиялик малакали педагог Сергей Никаноров Сардоба туманидаги 16-сонли умумтаълим мактабида фаолият олиб бораяпти.
Сирдарё вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, айни пайтда, вилоятдаги умумтаълим мактаблари ўқувчиларига жами 790 нафар рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси ушбу фандан сабоқ бериб келмоқда.
Рус тили ва адабиёти фанини ўқитиш масаласига мамлакатимизда алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Маориф вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси мактабларида рус тили фани ва умумтаълим фанларини рус тилида ўқитишнинг сифатини ошириш”га қаратилган “Зўр!” (Класс) лойиҳаси ташкил этилган.

Ана шу лойиҳанинг 2-босқичида Сирдарё вилоятига 4 нафар россиялик мутахассис ташриф буюрган бўлиб, улар Боёвут, Ховос, Сардоба ва Сирдарё туманларидаги умумтаълим мактабларида фаолият олиб бормоқда.
Россиялик малакали педагоглардан бири Сергей Анатолевич Никаноров Сардоба туманидаги 16-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 5-синфидан 11-синфигача бўлган ўқувчиларга рус тили ва адабиёти фанидан дарс ўтиб келмоқда.
– Сергей Анатолевичнинг сабоқларидан ўқувчиларимизнинг рус тили ва адабиёти фанига бўлган қизиқиш ва эътибори сезиларли даражада ортяпти, – дейди Сардоба тумани халқ таълими бўлими мудири Рустам Тошпўлатов. – Россиялик малакали педагог ўқувчиларимизга ушбу фандан дарс ўтиш билан бирга рус тили фанига қизиқиши юқори бўлган ўқувчиларимиз билан дарсдан ташқари вақтларда тўгараклар ўтиб, сардобалик ўқувчиларимиз билимини оширишга ўз ҳиссасини қўшаётир. Биз бундан жуда ҳам ҳурсандмиз.
А.Қаюмов, ЎзА