Сардобалик истеъдодлар эътироф этилди
Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида миллий маданият ва санъатни ривожлантириш, ижодий алмашув ва халқаро тажриба орттириш, ёш ижодкорлар ва санъат аҳлини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган “Khiva Art Fest – 2026” халқаро санъат фестивали Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги 9‑сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари ҳаётида ёрқин из қолдирди. Ушбу мактаб жамоаси фестиваль доирасида ташкил этилган танловда муносиб иштирок этиб, ғолиблар қаторида эътироф этилди.
Фестиваль халқ санъати, тасвирий ижод, театр ва мусиқий ижро каби бир қатор йўналишлар бўйича ўтказилди. Бу каби тадбирлар ёшлар истеъдодини намоён қилиш ва миллий маданий меросимизни кенг аудиторияга етказишда муҳим аҳамият касб этади.

Энг муҳими, Тасвирий санъат ва театр йўналишида иштирок этган мактаб ўқувчилари — Шаҳло Келдибекова, Сожида Абдурасулова, Азизбек Соатов ва театр йўналиши бўйича иштирок этган Лайло Ҳикматовалар фахрли 1‑ўринни қўлга киритишди. Халқ чолғулари йўналишида иштирок этган мактаб ўқувчиси Дилёрбек Ҳасанов эса 3‑ўринга сазовор бўлди.
– Бу ютуқлар болаларнинг салоҳияти ва устозлар меҳнати самарасидир, – дейди мактаб директори Зуҳриддин Нарзуллаев. – "Khiva Art Fest – 2026’ халқаро фестиваллари ёшларимиз учун нафақат ижодий салоҳиятларини ривожлантириш, балки миллий маданий меросимизни қадрлаш ва сақлашда ҳам муҳим тажриба бўлади. Биз келгуси йилларда ҳам шундай муваффақиятларга эришишга ҳаракат қиламиз.

Бу ютуқ мактаб жамоаси учун фахр ва илҳом манбаи бўлиб, болаларнинг ижодий салоҳиятини янада ривожлантириш ва уларни замонавий санъат майдонида фаол иштирок этишга ундайди. Шунингдек, фестиваль мактаб устозлари ва ўқувчилари учун профессионал ва ижодий алоқага киришиш, тажриба алмашиш имконини ҳам беради.
Ғулом Примов, ЎзА