Сардобада меҳнат ярмаркаси
Сардоба туманидаги Наврўз маҳалласида меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Меҳнат ярмаркасининг очилишида туман ҳокими Зиёдулла Каримов тадбирнинг асосий мақсади, туманда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурида белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида гапирди.


Бўш иш ўринлари ярмаркасида Сирдарё вилоятида жойлашган 30 дан ортиқ корхона ва ташкилот 1000 га яқин бўш иш ўрни билан қатнашиб, иш излаётган 300 нафар ишсиз фуқарога вакант жойлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. 100 нафарга яқин фуқарога турли корхоналарда меҳнат фолиятини олиб бориши учун тегишли йўлланмалар тақдим қилинди. Меҳнат ярмаркаси доирасида ишсиз аҳоли вакиллари тажрибаси ва билими, хоҳиши ва имконияти асосида турли корхоналарга ишга йўналтирилди.


Ярмарка давомида “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган 15 нафар фуқарога ўзини-ўзи банд қилиш мақсадида субсидия асосида асбоб-ускуналар, шунингдек, 90 дан ортиқ фуқарога имтиёзли кредитлар ажратиш тўғрисида тижорат банкларининг сертификатлари ҳамда 3 нафар фуқарога ”Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан ногиронлик аравачалари тақдим қилинди.


Ш.Суяров, Ш.Ортиқбоев (сурат),
ЎзА мухбирлари