Сардоба фожиаси: бир йил ортда қолди
2020 йил 1 май куни. Тонг саҳар. Соат 05:55. Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Қўрғонтепа, Дўстлик, Юртдош маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги аҳоли эвакуация қилинган.
Шу куннинг ўзида воқеа жойига бош вазир Абдулла Арипов етиб борган. Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вазирликлари раҳбарияти, Миллий гвардия ва бошқа тегишли ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда эвакуация тадбирлари ташкил этилган.
Мазкур вазият оқибатларини бартaраф этиш, эвакуация тадбирларини ташкиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида, воқеа жойига Президентимиз Шавкат Мирзиёев етиб борди.
Давлатимиз раҳбари ҳудуд аҳолиси билан учрашиб, ушбу синовли кунларни сабр билан енгиб ўтиш лозимлигини ва вазият шахсан ўзларининг назоратида эканлигини таъкидлаб сардобаликлар дардига ҳамдард бўлди.
Аҳолини ва ҳудудни сув тошқинидан асраш бўйича бир қанча тезкор тадбирлар амалга оширилди.
[gallery-2249]
Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин туманларидаги сув тошқини содир бўлиши эҳтимоли бўлган бир қатор аҳоли пункларидаги аҳоли зудлик билан эвакуация қилинди. 22 та аҳоли пунктидаги 60 минг 450 нафардан ортиқ фуқаролар Сирдарё ва Жиззах вилоятларига вақтинчалик кўчирилди.
Эвакуация қилинган фуқаролар эса умумтаълим, касб-ҳунар, олий ўқув даргоҳларининг ётоқхоналари, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва бошқа ижтимоий объектлар, аҳоли турар-жойларига жойлаштирилди. Сув тошқини туфайли кўчирилган фуқаролар ва уларнинг фарзандлари учун барча шароитлар яратилди.
Сув тошқинидан Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги бир қатор маҳаллалар жиддий зарар кўрган, фермер ва кластерларнинг минглаб гектар экин майдонлари сув остида қолган эди.
Тошқин етказган талафотларни бартараф этиш мақсадида бир қатор вазирликлар томонидан ўша куннинг ўзида 400 дан ортиқ турли зарур техника воситалари ажратилди. Қўшни Жиззах, Самарқанд, Тошкент вилоятларидан инсонпарварлик ёрдамлари, махсус техникалар, таъмирлаш бригадалари, ишчи, қурувчи, муҳандислар етиб борди.
Шунингдек, Бухоро, Қашқадарё, Андижон ва бошқа вилоятлардан Сирдарёга иссиқ кийим-бош, кўрпа-тўшак, уй-рўзғор буюмлари, турли озиқ-овқат маҳсулотлари юкланган кўмак карвонлари кетма-кет кириб борди.
– Шундай бир оғир, таҳликали, коронавирус пандемияси сабабли карантин жорий этилган вақтда Президентимизнинг фожиа жойига борганларига кўпчилик ишонмади. Айрим хорижлик амалдорлар “Шу ростми?” деб сўраганига гувоҳман, – дейди Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси Фарход Боқиев. – Бу рост эди. Уларнинг бу саволига “Халқини шунчалик севадиган, ҳар бир фуқароси учун жон куйдирадиган, миллати хавфсизлигини таъминлаш учун ўз жонини хатарга қўядиган, жасур, мард, матонатли яна бирор бир мамлакатнинг раҳбарини биласизларми?” дея савол билан жавоб бергандим, ўшанда.
Дарҳақиқат, саховатпеша халқимиз бутун эътиборини Сардоба туманидаги табиий офат асоратларини бартараф этишга, сув тошқинидан азият чеккан фуқароларга моддий ёрдам кўрсатиш, маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилди. Халқимизнинг меҳрибонлиги, саховатпешалиги, ҳамжиҳатлиги ўшанда намоён бўлди, десак муболаға бўлмайди.
– Вақтни тез ўтишини қаранг. Сардоба фожиасига бугун роппа-роса бир йил бўлди, – дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ўтбосар Абдиев. – Мирзачўлнинг жизиллаган саратони-ю, қишининг қахратон чилласини, Бекободнинг изиллаган шамоли-ю яна минг-минг машаққатларни енгиб, бийдек чўлда Гулистонни барпо этган матонатли халқ – айнан сирдарёликлар эканлигини “Ўзбекистонликман!” деганнинг бари жуда яхши билади. Бир йил муқаддам сув тошқини бўлган ҳудудда ҳам ўша матонатли чўлқуварларнинг авлодлари, яъни набираю, чеваралари яшар эди. Улар рўй берган ўша сув тошқинида ҳам мард ва матонатли инсонларнинг ворислари эканликларини исботлаб, жасоратини намоён этди. Ҳамма бир тану бир жон бўлиб, биргалашиб, белгиланган тартибларга ўз вақтида ва қатьий риоя қилган ҳолда ҳаракат қилгани самарасида тез фурсатда барча аҳоли хавфли ҳудудлардан олиб чиқилди. Бир йил ичида деярли вайронага айланган жойда янги 3 та туманни барпо этган бутун ўзбекистонликларнинг амалга оширган ишларини кўриб унга таъриф беришга сўз ожиз. Фақат ана шундай бирдам, ҳамжиҳат халқнинг, юртнинг фуқароси эканимдан фахр туяман.
Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти, ҳар бир маҳалласи, қишлоғидан инсонпарварлик ёрдами ёғилиб келди. Президентимизнинг “Сардоба” сув омборидаги ўпирилиш туфайли сув тошқинидан талафот кўрган ҳудудларни тартибга келтириш юзасидан берган кўрсатмалари асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Сув тошқини етказган зарарни бартараф этиш, ҳудудни лойқа ва кўлмаклардан тозалаш, автомобил йўлларини тиклаш, аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, умуман барча ишлар Президентимизнинг шахсан назоратида бўлди.
Сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун Сирдарё вилояти маҳаллий бюджетига дастлаб 100 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Бундан ташқари, Зарар кўрган ҳар бир оилага 40 миллион сўмдан компенсация, маиший техникалар олиш учун 10 миллион сўмлик сертификат берилди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан Сирдарё вилоятининг “Сардоба” сув омборидаги авария ва унинг оқибатида электр таъминотида вужудга келган узилишлар, турли даражадаги техник авария ҳолатлари тўлиғича қайта тикланди. “Сардоба” сув омбори тўғони ўпирилиши оқибатида сув босган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида 2020-2021 йиллар давомида 50 та кўп қаватли уй-жой қуриб битказилди.
Сардоба тошқинида алоҳида жонбозлик кўрсатган қутқарувчилардан ҳам, маҳаллий аҳоли орасидан ҳам афуски қурбонлар бўлди. Бу ҳар биримизни қайғуга солади. Улар
– Тошқиндан сўнг яшаш учун яроқсиз аҳволга келиб қолган турар жойлар, ижтимоий обеъктлар, электр, газ, сув тармоқлари, йўллар бугун тубдан қайта тикланди, Сирдарёда 3 та янги, барча шароитлар мужассам бўлган туман барпо этилди – дейди Сирдарё вилояти ҳокими Ғофиржон Мирзаев. – Бир йил ичида улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, бошимизга ташвиш тушганда ҳашарга келиб, қўллаб-қувватлаб турган барча вилоятлар қурувчи-муҳандислардан миннатдормиз.
Эътиборлиси, бугун тошқиндан сўнг янгидан барпо этилган уй-жойларда яшаётган аҳолининг уйларига кўчиб кириши билан ҳамма иш якунланди, деб ҳеч ким ташлаб қўйилмади. Бу ердаги ҳар бир фуқаронинг бандлиги таъминланиши учун режали ишлар амалга оширилмоқда.
– Тошқиндан зарар кўрган ҳар бир оиладан банд бўлмаган фуқароларнинг рўйхати шакиллантирилди, – дейди вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи Муроджон Муҳаммадиев. – Улар қисқа муддатли касбга ўқитиш марказларида ҳунар ўрганиб, ҳар бирининг бандлиги таъминланмоқда. Тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлганларига банк кредитлари, субсидия маблағлари ажратилиб, қўллаб-қувватланмоқда. “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар Фарғона водийсига юборилиб, атлас, адрас, гилам тўқиш, пичоқ, зеб-зийнатлар ясаш касбларига ўқитилиб, шу ерда янгидан барпо этилган кўп қаватли уйларнинг подвалларидан улар учун иш жойлари очилиб, бандлиги таъминланаяпти. Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик тўйига қадар бу ҳудудда касб-ҳунарга ўқитилмаган, умуман банд бўлмаган аёллар ва айниқса, ёшлар қолмаслиги режалаштирилган.
Бугун бир йил муқаддам тошқин фожиасидан зарар кўрган ҳудудда обод бўлмаган, қайта тикланмаган, янгидан барпо этилмаган, мактаб, боғча, оилавий поликнилика, аҳоли турар жойи қолмади. Сирдарёликлар, ҳатто пойтахтдагидан ҳам муҳташам кўп қаватли уйларда, тубдан қайта таъмирланиб, барча шароитлар яратилган коттежларда яшамоқда. Фарзандлари замонавий боғча ва умумтаълим мактабларида таҳсил олмоқда. Шаҳардагидан қолишмайдиган оилавий поликлиникалар аҳолиси хизматида.
Халқимизда кўз ёшлар ортидан, яхши кунлар ҳам келади, деган гап бор. Аллоҳга шукрки Сардоба фожиаси ортга қолди. Унинг талофатлари бартараф этилиб, аҳолига замонавий қулайликлар яратилди. Аҳоли турмуш тарзи яхшиланиб, ҳаёт тарзи яна изига тушди.
Бугун Президентимиз раҳнамолигида тошқиндан зарар кўрган ҳудудларда амалга оширилган қурилиш, бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларини кўрган кишининг ҳайрати ва ҳаваси ошади.
[gallery-2250]
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири