Сара уруғ юқори ҳосил гарови
Наманганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси марказий аппарати ва унинг вилоят бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ва блогерлар иштирокида пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари даставвал, “Учқўрғон дон маҳсулотлари” акционерлик жамиятига қарашли уруғлик дон қабул қилиш шохобчасида бўлди. Бу ерда уруғлик донни сақлаш ва тарқатиш жараёнлари ҳақида мутахассислар томонидан батафсил маълумот берилди. Журналист ва блогерлар уруғлик донни қайта ишлаш цехидаги хориждан келтирилган замонавий ускуналар имкониятлари билан танишди.

Дўкондан рўзғоримиз учун зарур бўлган унни харид қиламиз. Аммо ушбу эъзозли маҳсулотни қай жараёндан ўтиб, етиб келиши ҳақида кўпчилик тасаввурга эга эмас. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, кундалик турмушимизда ишлатиладиган 1 кило унни тайёрлаш учун ўртача 30 минг дона буғдой янчилади. Энди буни тонналарга кўпайтирадиган бўлсак, ҳисоб-китоб қилиш қийин эмас. Қолаверса, уруғлик буғдойни тайёрлашдан то тайёр ҳолга келгунига қадар қанчадан қанча одамларнинг заҳматли меҳнати бор.
Дарҳақиқат, келгуси йил ғалла ҳосили қандай бўлиши кўп жиҳатдан айни кунларда амалга оширилаётган ишларга боғлиқ. Уруғлик донни қайта ишлашдан тортиб, минерал ўғитлар билан экиш, ўз вақтида сувини бериш каби агоротехник тадбирларнинг белгиланган талаблар асосида бажарилиши мўл ҳосил учун пухта замин яратади.
2021 йил ҳосили учун Наманган вилоятида 67 минг 750 гектар майдонга кузги бошоқли дон экинлари экилади. Бунинг учун 16 минг 937 тонна уруғлик жамғарилиб, “Учқўрғондонмаҳсулот” ва “Намангандонмаҳсулот” корхоналарини уруғлик тайёрлаш цехларида саралаш, дорилаш жараёнлари амалга оширилиб, махсус қопларга жойланиб қадоқланган ҳолда вилоят бўйича 13 уруғлик тарқатиш шохобчаси орқали ғалла экадиган 2 минг 68 фермер хўжалигига етказиб берилди. Уруғлик сақлаш жараёнлари агроинспекция ходимлари томонидан қатъий назорат қилиб борилмоқда.
Бунда ҳар бир ғалла экиладиган майдонларни экишга тайёр бўлгандан сўнг, махсус сертификат берадиган мутахассислар томонидан тарқатиш, минерал ўғитлар билан экишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 2020 йил учун режадаги 67 минг 750 гектар майдонда кузги бошоқли дон экинлари экилиши тўлиқ таъминланиб, уруғлик навлари 13 минг 806 гектар очиқ майдонларга ва 53 минг 944 гектари ғўза қатор ораларига жойланди.
Келгуси йилда ғалладан мўл ҳосил олинишини таъминлаш мақсадида вилоятнинг тупроқ иқлими шароитидан келиб чиққан ҳолда ҳосилдорлиги юқори бўлган уруғлик буғдой навлари танлаб олинди. Хусусан, эртапишар навлардан 2 минг 15 гектар “Бобур”, 5 минг 764 гектар “Аср”, ўртапишар навлардан 8 минг 64 гектар “Первица”, 6 минг 566 гектар “Давр” каби янги синов навлари жойлаштирилди. Шунингдек, экиш билан бирга хар бир гектарга ўртача 129 килодан 8 минг 772 тонна фосфорли ва ҳар бир гектарга ўртача 39 килодан калийли минерал ўғитлар берилди. Бугунги кунда ғалла майдонларини биринчи суғориш ишлари тўлиқ якунланган бўлиб, 47 минг 891 гектарига иккинчи сув берилмоқда.
Қайд этиш жоизки, Агроинспекцияси томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида бугунги кунда вилоятда 61 минг 338 гектар майдондаги ғалла тўлиқ ундириб олинди. Хусусан, униб чиққан ғалла майдонларининг 21 минг 391 гектар ёки 35 фоизи бир икки барг, 22 минг 693 гектари ёки 37 фоизи уч тўрт барг ҳамда 17 минг 254 гектар ёки 28 фоизи туплаш фазасида ривожланмоқда.
– Инспекция вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан кунлик мониторинг тадбирлари ўтказилиб, жараён давомида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича бир қатор таъсир чоралари қўлланилди, – дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Нўъмонжон Каримов. – Шу кунга қадар 1 минг 257 ҳолатда огоҳлантириш берилди. Туман ҳокимликлари, қишлоқ хўжалиги ҳамда сув хўжалиги бўлимларига 49 тақдимнома киритилди. 752 ҳолат юзасидан кўрсатма берилган бўлса, қонунбузилишига йўл қўйилган 82 ҳолат бўйича маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал этилди.
Пресс-тур иштирокчилари Уйчи туманидаги “Машад соҳибкори” фермер хўжалигида ғалла парвариши бўйича олиб борилаётган ишларни кўришди. Уруғчиликка ихтисослашган мазкур хўжаликнинг 25 гектар майдонига экилган ғалла ҳозирда баравж ривожланмоқда. Агроинспекция мутахассислари ва фермер билан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзгаришлар, фермерларга яратилган имкониятлар, ғалла парваришлаш агротехникаси, вилоятда бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида суҳбат қурилди.

– Президентимизнинг ҳар бир фермер хўжалигида даромадга эришиш, сифатли уруғ етиштириш, ғалла экиладиган майдонларга эътибор қаратиш ҳақидаги кўрсатмалари ишимизда устувор вазифага айланмоқда, – дейди фермер хўжалиги таъсисчиси Тоҳиржон Исматуллаев. – Айни шу нуқтаи назардан барака уруғини сифатли экилаётганлиги, озуқаларни ўз вақтида берилаётгани, техникалардан унумли фойдаланиш натижасида сифатли ғалла етиштирилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, Машрабжон Қосимов (сурат), ЎзА.