Сара уруғ – юқори ҳосил гарови
Наманган туманидаги “Навбаҳор намунаси” фермер хўжалигида ғўза уруғчилиги, иқлимбоп ва серҳосил пахта навларини етиштиришнинг долзарб масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Наманган туманидаги “Навбаҳор намунаси” фермер хўжалигида ғўза уруғчилиги, иқлимбоп ва серҳосил пахта навларини етиштиришнинг долзарб масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.Тадбир давомида уруғчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарлари, пахтани қайта ишлаш ва уруғлик чигит тайёрлаш корхоналари, илмий-ишлаб чиқариш бирлашмалари мутахассислари “Навбаҳор намунаси” фермер хўжалиги далаларидаги ғўза ҳолати, уни парваришлаш бўйича амалга оширилаётган агротехник тадбирлар билан яқиндан танишди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Наманган вилояти далаларида ҳам мўл пахта ҳосили етиштирилмоқда.
Жорий йилда вилоятдаги 242 фермер хўжалигида “Наманган-77”, “Наманган-34”, “Андижон-35”, “С-6524”, “С-8286”, “Порлоқ-1”, “Порлоқ-2”, “Султон”, “Андижон-36”, “Бухоро-102”, “Тўрақўрғон-4” каби ғўзанинг синовдан ўтказилаётган янги навлари парваришланмоқда.
“Навбаҳор намунаси” фермер хўжалиги уруғлик чигит етиштириш бўйича бой тажрибага эга. Хўжаликда ўтган йили 30 гектар майдонда ғўзанинг “Порлоқ-2” нави экилиб, юқори ҳосилдорликка эришилди. Жорий йилда ҳам хўжаликда янги навлар устидаги изланиш ва тажрибалар изчил давом эттирилмоқда.
Тадбирда мутахассислар томонидан фермерларга юқори сифатли уруғлик етиштиришнинг муҳим омиллари ҳақида маслаҳат ва тавсиялар берилди.