Сара уруғ – мўл ҳосил гарови
Қашқадарё вилоятида 515 минг гектар суғориладиган майдонда ғалла, пахта, сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда. Мамлакатимизда етиштириладиган ғалланинг 12 фоизи ушбу ҳудуд улушига тўғри келаётгани вилоят ғаллакорларининг самарали меҳнати самарасидир.
Қашқадарё вилоятида 515 минг гектар суғориладиган майдонда ғалла, пахта, сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда. Мамлакатимизда етиштириладиган ғалланинг 12 фоизи ушбу ҳудуд улушига тўғри келаётгани вилоят ғаллакорларининг самарали меҳнати самарасидир.Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 16 сентябрдаги “Қашқадарё вилоятида ғаллачилик ва пахтачиликнинг илмий базасини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятда Қашқадарё бошоқли дон экинлари селекцияси ва уруғчилиги илмий-тадқиқот институти ташкил этилган. Биринчи Президентимизнинг 2014 йил 10 февралдаги “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мазкур муассаса айни пайтда Дон ва дуккакли дон экинлари илмий-тадқиқот институти Қашқадарё вилояти филиали сифатида фаолият юритмоқда.
Филиалнинг донли экинлар селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехникаси, физиология ва доннинг сифат кўрсаткичларини баҳолаш, ўсимликларни ҳимоя қилиш, агрокимё ва агротехника лабораториялари замонавий техник жиҳозлар билан таъминланган. Бу ерда Марказий Осиё ва Кавказ давлатларида ягона бўлган занг касалликларини таҳлил қилиш лабораторияси фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Замонавий совитиш мосламалари, занг спораларини сақлаш қурилмалари билан таъминланган лабораторияда яратилаётган нав ва линиялар сунъий инокуляция қилиниб, касалликларга чидамлилиги ўрганилмоқда.
2014 йилда филиалнинг Агрокимё ва тупроқшунослик лабораторияси тўла қувват билан ишлай бошлади. Бу ерда тупроқ, сув, ўсимлик ва микроэлементлар таҳлил этилади.
– Ёш олимларимизнинг малака ва тажрибасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди филиал директори Ойбек Омонов. – Айни пайтга қадар улар мутахассислиги бўйича АҚШ, Германия, Австралия, Мексика, Болгария, Ҳиндистон ва бошқа кўплаб давлатларда халқаро ўқув курсларида малака ошириб қайтди. Бошоқли дон экинлари селекциясига ихтисослашган халқаро илмий марказлар билан ҳам мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Мексиканинг CIMMYT халқаро илмий маркази билан “Сув билан тўлиқ таъминланган ерлар учун буғдой навларини яратиш”, Австралиянинг Сидней университети билан “Занг касалликларига чидамли буғдой навларини яратиш”, Германиянинг Бонн университети билан “Шўрга чидамли буғдой навларини яратиш” мавзуларида ўзаро селекция ютуқлари ва манбаларини алмашиш, таъминлаш, ёш мутахассисларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилинмоқда.
Филиал олимлари илмий муассасалар, хусусан, Геномика ва биоинформатика маркази, Самарқанд қишлоқ хўжалик институти, Дон ва дуккакли дон экинлари илмий-тадқиқот институти Ғаллаорол, Хоразм, Фарғона илмий-тажриба станциялари, Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институти мутахассислари билан ҳамкорликда фундаментал ва илмий-амалий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Ғаллачиликдаги энг долзарб, иссиқлик, қурғоқчилик, гармсел, шўр, совуқ, турли замбуруғ (сариқ ва қўнғир занг) касалликлари муаммоларини ҳал этиш, селекция босқичларини қисқартириш йўналишларида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар юксак самаралар бераётир.
– Амалга оширилган илмий тадқиқотлар натижасида кузги ва баҳорги юмшоқ ҳамда қаттиқ буғдой, арпа навлари яратилди, – дейди филиал илмий котиби Ғулом Узоқов. – Бугунги кунда филиал олимлари томонидан яратилган кузги юмшоқ буғдойнинг “Жайхун”, “Туркистон”, “Яксарт”, “Ҳазрати Башир”, “Эломон”, “Ғозғон”, “Ҳисорак”, “Бунёдкор”, қаттиқ буғдойнинг “Мингчинор” навлари давлат реестрига киритилиб, кенг майдонларда экилмоқда. Кузги юмшоқ буғдойнинг “Фаровон”, “Барҳаёт”, “Шамс” навлари, қаттиқ буғдойнинг “Лангар” нави, баҳорги юмшоқ буғдойнинг “Жануб гавҳари” нави, арпанинг “Воҳа” нави Давлат нав синаш комиссиясида синовдан ўтказилаётир. Яратилган навларнинг бирламчи уруғчилиги ташкил этилиб, сара уруғ етказиб бериляпти. Бу янги навлар юртимизнинг барча ҳудудларида суғориладиган майдонларда етиштирилмоқда.
Янги навларнинг иссиқлик ва қурғоқчиликка, шўрга ва турли занг касалликларига чидамлилиги, ҳосилдорлиги ва дон сифати юқорилиги фермерларимизга манзур бўлмоқда. Улар тупроқ шароити, сув таъминотини ҳисобга олган ҳолда шу шароитга мос навларни танлаб экмоқда. Бунинг натижасида юқори ҳосил, сифатли дон етиштиришга эришилаётир.
– Хўжалигимизда 2011 йилдан буён кузги буғдойнинг “Яксарт” навини экамиз, – дейди Қарши туманидаги “Чориев Мардон Номозович” фермер хўжалиги раҳбари Мардон Чориев. – Жорий йилда гектаридан 70 центнердан ошириб ҳосил олдик ва давлатга дон сотиш шартномавий режасини 114 фоизга бажардик. Мўл ҳосил – мўмай даромад дегани. Шунинг ортидан иқтисодимиз яхшиланиб, турмушимиз фаровонлашиб бормоқда. Олинган фойдадан намунавий лойиҳадаги уй, чопиқ трактори ва “Nexia” машинаси сотиб олганмиз. Мана, олти йилдирки, филиал олимлари билан ҳамкорликда ишлаймиз. Натижалар кўнгилдагидек. Бундан хўжалигимиз ишчилари ҳам мамнун.
Касби тумани вилоятнинг бошқа ҳудудларига нисбатан тупроқ-иқлим шароити билан кескин фарқ қилади.
– Хўжалигимиз ғаллачилик ва пахтачиликка ихтисослашган, – дейди ушбу тумандаги “Эркин” фермер хўжалиги раҳбари Мирзоҳид Сориев. – Йиллар давомида кўплаб буғдой навларини экиб кўрдик, лекин занг касали туфайли кўнгилдагидек ҳосил ололмадик. Кейинги йилларда филиалда яратилган “Ғозғон” навини экаяпмиз. Бу нав бизнинг шароитимизга мос экан. Занг касаллигига чидамли. Шу навни эка бошлаганимиздан буён касалликларга қарши ишлатадиган сарф-харажатлар тежалмоқда ва ҳосилдорлик ҳам юқори бўлаётир.
Ўтган йилларда филиал илмий ходимларининг хорижий ва маҳаллий нашрлар ва тўпламларда 20 га яқин илмий мақолалари чоп этилди. “Қашқадарё вилояти шароитида бошоқли дон экинларидан кейин такрорий экин етиштириш агротехникаси” мавзуси бўйича тавсиялар, “Ғалла майдонларига зарар етказадиган зарарли хасва ва унинг зарари, миқдорини аниқлаш ҳамда унга қарши курашиш”, “Бошоқли дон экинлари майдонларини минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантириш” мавзуларида қўлланмалар тайёрланди.
Филиал олимлари ғалланинг янги навларини яратиш, нав агротехникаси, ғалла етиштиришда минерал ўғитларни қўллаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши ишлаш борасида услубий қўлланмалар, йўриқнома ва тавсиялар ёзмоқда. Жорий йилда улар яратган кузги юмшоқ буғдойнинг лалми ерларга мўлжалланган иккита, суғориладиган майдонлар учун битта ва арпанинг битта янги нави синовдан ўтказишга тайёрлаб қўйилди.
Мухтасар айтганда, бугун маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мос, турли касалликлар, сувсизлик ва қурғоқчиликка чидамли, эртапишар маҳаллий навларни кўпайтириш, ҳосилдорликни янада оширишга эришиш Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Қашқадарё филиали илмий ходимларининг асосий мақсадидир.