Саноатчилар ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
Пойтахтимизда IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси давом этмоқда. Унда 2 мингдан зиёд фирма ва компания, йирик саноат корхоналари 21 минг турдан ортиқ маҳаллийлаштирилган ёки ўзлаштириш учун таклиф этилаётган маҳсулотларни намойиш қилмоқда.
Пойтахтимизда IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси давом этмоқда. Унда 2 мингдан зиёд фирма ва компания, йирик саноат корхоналари 21 минг турдан ортиқ маҳаллийлаштирилган ёки ўзлаштириш учун таклиф этилаётган маҳсулотларни намойиш қилмоқда.Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиёт тармоқларида муқобил энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳит мусаффолигини асраш, ёқилғи-энергетика ресурслари тежамкорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Навоий кон-металлургия комбинатида 1 минг 149 қуёшли гелиоколлектордан самарали фойдаланилмоқда. Ўтган йили комбинатга қарашли “Дўстлик” агрофирмасида чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш мақсадида кунига 400 куб метр газ ишлаб чиқариш қувватига эга биогаз ускунаси ишга туширилди. Комбинат тизимида 2015-2019 йилларда умумий қуввати 3 мВтдан ортиқ фотоэлектр станциялари барпо этиш режалаштирилган.
Комбинатда ёқилғи-энергетика ресурсларини иқтисод қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йили электр энергияси ва ёнилғи сарфини камайтириш ҳамда тежамкор технологияларни ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этиш самарасида 34,5 миллиард сўм маблағ иқтисод қилинди. Ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархини тушириш бўйича ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирларга мувофиқ, жорий йилда ёқилғи-энергетика ресурслари сарфига ажратиладиган маблағни 57 миллиард сўмга иқтисод қилиш белгиланган.
– Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган энергия тежамкор технологиялар, турли мойлар ва техникаларни намойиш қиляпмиз, – дейди “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасининг департамент директори Шавкат Мадаминов. – Чунки бу анжуман импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни сотиб олишимиз учун қулай имкониятдир. Саноат форумида, шунингдек, қатор хорижий давлатларга экспорт қилинаётган дастгоҳларимизни таклиф этяпмиз. Ўтган йилги саноат ярмаркасида 468 миллиард сўмлик шартнома имзолаган эдик. Бу йилги анжуманда ушбу кўрсаткични 680 миллиард сўмга етказишни режалаштирганмиз. Ушбу анжуман янги ҳамкорлар топишга, маҳсулотларимиз экспортини янада оширишга хизмат қилаётир.
Иқтисодиётимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш учун кенг имконият яратмоқда. Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида кўплаб мамлакатлардан фирма ва компаниялар вакиллари иштирок этиб, мамлакатимиз ишбилармонлари билан ҳамкорлик юзасидан музокаралар олиб бормоқда.
– Ўзбекистонда хорижий сармоядорларнинг ҳар соҳада фаол ва самарали иш юритиши учун кенг имтиёзлар берилган, – дейди Германиянинг “Spaarmann” компанияси вакили Кордула Марианне Шмигун. – 1836 йилда асос солинган компаниямиз логистика, божхона соҳасида расмийлаштириш ва халқаро юк ташиш йўналишларида хизмат кўрсатиш билан шуғулланади. Саноатчилар форумида иштирокчиларга музокаралар ўтказиш, битим ва шартномалар тузиш учун барча қулайликлар яратилган. Ушбу ярмарка ва биржа Ўзбекистон компаниялари билан ўзаро алоқаларимизни янада ривожлантириш имконини беради.