Саноат хавфсизлигини бузиш жавобгарликка сабаб бўлади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси томонидан саноат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ушбу ҳужжат саноат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, хавфли объектлардаги фаолият устидан назорат механизмини кучайтириш, энг асосийси, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи ҳамда мол-мулкини ишончли муҳофаза қилишга қаратилган.
Муҳокамаларда айтиб ўтилганидек, саноат хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаслиги авариялар ва инсонлар жабрланишига сабаб бўлмоқда. Амалдаги жазо чоралари эса бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун етарли эмас.
Шу боис, ушбу қонун лойиҳаси билан Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга хавфли ва потенциал хавфли объектларда саноат хавфсизлиги талабларини, хавфли юклар билан ишлаш қоидаларини бузганлик, шунингдек, била туриб ёлғон эксперт хулосаси берганлик учун жавобгарлик чораларини белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
М.Комилова,
ЎзА