Санчес: Коррупцияга тоқат қилолмайман
Испания Бош вазири Педро Санчес мамлакат парламентида ҳукумат, ҳукмрон Социалистик партия ва ўз оиласи атрофида юзага келган коррупция айблови бўйича ҳисобот берди. У ўз чиқишида “мен бу амалиётдан ҳеч қачон хабардор бўлмаганман, билганимда тоқат қилмаган бўлардим”, дея таъкидлади. Санчес сўнгги пайт жамоатчилик муҳокамаси суд иши ва турфа сиздирилган маълумот билан тўлиб кетганини айтди.
Бош вазир сўзларига кўра, айрим сиёсий кучлар турли ишларни бир-бирига аралаштириб, жамоатчиликни чалғитишга уринмоқда. Шу билан бирга у коррупция билан боғлиқ суд қарорини ҳукумат ҳурмат қилиши ва қонун талабига риоя қилинишини билдирди. Санчес Испанияда ҳеч ким жазодан қочиб қутулмаслиги кераклигини таъкидлаб, Социалистик партия ноқонуний молиялаштирилмаганини қайд этди.
Мухолифат етакчиси Альберто Нуньес Фейхо эса ҳукумат раҳбарини сиёсий масъулиятни тўлиқ зиммасига олишга чақирди. У коррупция билан боғлиқ можаро марказида айнан Санчес турганини иддао қилди ва ҳукумат фаолиятини кескин танқид қилди.
Кузатувчилар фикрича, коррупция билан боғлиқ баҳс Испания сиёсий ҳаётидаги асосий мавзуга айланмоқда. Бу можаро нафақат ҳукумат обрўси, балки мамлакатдаги сиёсий кучлар мувозанатига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Айни чоғ Педро Санчес лавозимини сақлаб қолиш учун сиёсий иттифоқчилар қўллаб-қувватловига таянмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА