Санъат йўлида марраларга эришаётган Нурулло
Мотивация!
Санъатга ошнолик инсоннинг қалби гўзаллигидан, руҳияти поклигидан даракдир. Ҳар қандай санъат тури инсоннинг маънавиятини гўзаллаштиришга хизмат қилади.
Юртимизда болалигидан санъатга қизиқиши юқори, истеъдоди бор бўлган ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва истеъдодини юзага чиқаришга алоҳида эътибор қаратиб келинади. Зеро, санъат ғунчаларини ўз вақтида парваришлаш, уларга имконият бериш келажакда ўз мевасини беради.

Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти талабаси Нурулло Абдуллаев ёшлигидан қўшиқ куйлашга қизиқиши, иштиёқи юқори бўлгани сабабли эстрада бўйича таҳсил олмоқда. Нурулло талабаликка ҳам санъат йўналишидаги танловларда юксак натижалар кўрсатгани боис имтиёзли равишда — давлат гранти асосида қабул қилинган.

Яъни, у 2023 йилда ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиладиган Ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб-интернатлари, коллеж ва академик лицейларининг «Ёш ижрочилар» республика танловининг эстрада хонандалиги йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритиб, талабалик бахтига муяссар бўлди.
Албатта, бунга қадар ҳам Нурулло санъат мактабларида малакали устозлардан таҳсил олди. Жумладан, Уйчи туманидаги 13-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида ўқиб, устозлари Носиржон Мирзабоев ва Беҳзод Баҳромовдан санъат сир-асрорларини ўрганди. Ундан кейин эса ўқишни Наманган ихтисослаштирилган санъат мактабида давом эттириб, ушбу даргоҳдаги устозларидан ҳам қунт билан сабоқ олди.

Нурулло шу вақтга қадар кўплаб вилоят, республика ва халқаро кўрик-танловлар, фестивалларда иштирок этиб, юксак совринларни қўлга киритди. Жумладан, “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалининг Республика босқичи ғолиби, Мухтор Ашрафий номидаги Академик чолғулар ва эстрада хонандалиги кўрик-танлови ғолиби, 2018 йили Беларусь Республикасининг Минск шаҳрида ўтказилган «КУБОК ЕВРОПЫ» номли халқаро танловда 1-ўрин ва Гран-при соҳиби, 2022 йили Москва шаҳрида ўтказилган халқаро танловда 1-ўрин, 2023 йил Москвада ўтказилган халқаро танловда 1-ўрин, 2023 йили Франциянинг Париж шаҳрида ўтказилган “TALANT INTERNATIONAL” халқаро танловида 2-ўрин, 2023 йилда Россиянинг Тюмень вилояти Тоболск шаҳрида ўтказилган «НОТА» халқаро кўрик-танловида 1-ўрин, 2023 йилда Россиянинг Cанкт-Петербург шаҳрида ўтказилган «АРТНОВА» халқаро кўрик-танловида 1-ўрин ва яна бир қатор танлов ва фестиваллар лауреати бўлган.
Бундан ташқари, Нурулло институт даврига қадар 8 йил давомида Ёшлар иттифоқининг туман, вилоят кенгашлари сардори ва республика фаоли сифатида фаолият олиб борган. Ҳозирда ҳам институт Ёшлар кенгашининг «Беш ташаббус лойиҳалари» координатори йўналишида фаолият кўрсатиб, тенгдошларини ташаббускорликка ундаб келади.
— Бугунги кунда ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, — дейди Нурулло Абдуллаев. — Шундай экан, мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, ўз устимизда ишлашимиз, юксак марралар сари интилишимиз лозим. Шу маънода тенгдошларимга ҳам ҳеч қачон чекинмасликни, қандайдир мақсадга эришиш йўлида тўсиқларга учраса-да, ортга қайтмасликни маслаҳат берган бўлардим. Зеро, айрим тўсиқ ва қийинчиликлар бизни тоблантиради, катта марраларни забт этишимизда фундамент ва мактаб вазифасини бажаради. Биз кутмаган натижалар, биз кутмаган марралар бизни кутиб турибди.
Дарҳақиқат, Нурулло Абдуллаев сингари серғайрат ва иқтидорли, истеъдодли ёшларимиз талай. Улар мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган шарт-шароит ва имтиёзлардан самарали фойдаланган ҳолда ўз мақсадлари сари олға бормоқда. Уларнинг зафарли марралари эса юртимиз эртаси учун пойдевор бўлажак.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА