СамДУда Озарбайжон маданий маркази бор!
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети бугунги кунда дунёнинг 190 дан зиёд таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, университет Озарбайжоннинг Боку давлат университети (БДУ) билан ҳам яқин илмий-амалий алоқани йўлга қўйган.
Самарали ва дўстона муносабатлар натижаси ўлароқ, Самарқанд давлат университетида БДУ ва Ҳайдар Алиев номидаги халқаро фонд билан ҳамкорликда 2017 йили Озарбайжон маданият маркази ташкил этилган. Ушбу марказ бугунги кунда талабаларга икки халқ ўртасидаги қардошлик, Озарбайжонда таълим олиш имкониятлари ҳақида маълумот бериб келмоқда.
– Ўзбекистон - Озарбайжон ҳамкорлиги абадий давом этишига тилакдошман, – дейди Озарбайжон маданият маркази Самарқанд вилояти бўлими раҳбари, СамДУ ўқитувчиси Одилбек Мирзаев. – Икки мамлакат раҳбарларининг халқларимизни янада яқинлаштириш йўлида амалга ошираётган ишлари таҳсинга сазовор. Кеча Тошкентда бўлиб ўтган Ҳайдар Алиев номидаги янгиланган кўча ва ёдгорлик очилиши маросимида мен ҳам иштирок этдим. Тадбирда урф-одати, маданияти, тили бир-бирига жуда яқин икки эл вакиллари жамланди. Ҳар томонлама шерикликни янада мустаҳкамлаш мақсадида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар таъкидланди.
Университетда икки халқ ўртасидаги маданий алоқани янада ривожлантириш мақсадида турли бадиий кечалар, давра суҳбатлари, учрашувлар мунтазам ташкил этилади. Яқинда Низомий Ганжавий таваллудининг 880 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбир фикримизнинг ёрқин далили.
Отабек Саъдуллаев,
СамДУ ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов (сурат)