СамДУ талабалари ўқишни Томскда давом эттиради
Самарқанд давлат университети халқаро таълим дастурлари факультети 8 бакалавриат йўналишида мутахассислар тайёрлаб, 2+2 дастури бўйича Россия, Исроил, Жанубий Корея, Хитой каби давлатлар олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Ушбу факультет иқтисодиёт ва рақамли иқтисодиёт йўналиши илк қардирғочлари - 20 нафар талаба таҳсилни Россиянинг Томск давлат университетида давом эттирадиган бўлди. Ўқишни муваффақиятли тамомлаган талабалар иккала университетнинг бакалавр дипломини олади.
– Самарқанд иқтисодиёт коллежини иқтисодиёт тармоқлари йўналиши бўйича тамомлаганман, – дейди истеъдодли ёшлардан бири Фарангиз Боқиева. – Келажагимни шу соҳада кўриб, ўқишни олий таълим тизимида давом эттиришга қарор қилдим ва шунга эришдим. СамДУда икки йил давомида етарли билим, малакага эга бўлдим. Энди яна икки йил Томскда илм оламан.
– 4 йил ичида икки университет дипломига эга бўлиш мен учун жуда қувонарли, – деди Жаҳонгир Бобомуродов. – Жонажон дорилфунунимизда замонавий технологиядан фойдаланган ҳолда тегишли билим, кўникмага эга бўлдик, чет тилларни ўргандик. Келажак пойдеворини янада мустаҳкамлаш учун Россияга кетяпмиз. Юқори малакали мутахассис бўлиб етишиш учун астойдил интиламиз.
– Кун сайин ёшларимиз учун яратилаётган имкониятлар кенгайиб бораётганидан қувонасан, киши, – дейди Азамат Турсунов. – Фарзандим энди чет элда ўқийди, деб бемалол ғурурланиб айта оламан. Бугун тўғри танлов қилганимизга яна бир бор амин бўлдим.
Беҳруз ШАМСИДДИНОВ,
СамДУ ахборот хизмати ходими,
Шавкат АКРАМОВ (сурат)