СамДАҚИ талабалари турар жойга онлайн ариза бермоқда
Самарқанддаги олий ўқув юртларида 2022/2023 ўқув йили дарс машғулотлари 26 сентябрдан бошланади. Айни пайтда таълим муассасаларида ушбу жараёнга ҳозирлик кўрилмоқда. Табиийки, бу пайтда аксарият талабалар ва уларнинг ота-оналарини турар жой масаласи қизиқтиради. Бу борада ҳар бир олий ўқув юрти раҳбарияти томонидан зарур чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида талабалар турар жойларига жойлашиш учун 12-18 сентябрь кунлари онлайн ариза бериш тизими йўлга қўйилди. Институт ахборот хизматининг маълум қилишича, биринчи босқич талабалари 26 сентябрдан кейин ҳам ушбу масала юзасидан мурожаат қилишлари мумкин. Талабалар турар жойларидаги ўринлар сони чекланганлиги сабабли биринчи навбатда хорижий давлатлар фуқаролари, ногиронлиги бўлган ва чин етимлар, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи оила фарзандлари, “Ёшлар дафтари”да турувчи йигит-қизлар ҳамда узоқ туман ва вилоятлардан келган талабаларни турар жой билан таъминлашга устунлик берилади.
Aризалар факультет ишчи гуруҳлари тавсиясини инобатга олган ҳолда институт комиссияси томонидан 23 сентябрга қадар кўриб чиқилади. Шунингдек, талабаларга Самарқанд шаҳридаги ижара хонадонларда жойлашиш тавсия этилади. Бунинг учун “Талабалар учун ижарага турар жой излаш портали” фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, талабалар ijara.edu.uz платформаси орқали тураржой топишлари мумкин. Бу борада уларга гуруҳ тюторлари ёрдам беради. Айни пайтда СамДAҚИнинг 3 бинодан иборат талабалар турар жойи 1150 ўринга мўлжалланган. Бу турар жойларда истиқомат қилаётган талабалар бир ойга 145 минг сўм тўловни амалга ошириши лозим.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА