Самбочимиз Россиядаги турнирда совриндор бўлди
Россиянинг Дзержинск шаҳрида самбо бўйича ўтказилган анъанавий турнирда ўзбекистонлик икки нафар спортчи иштирок этди.
Ўндан зиёд мамлакатнинг 200 нафарга яқин спортчилари қатнашган мусобақанинг жанговар самбо баҳсларида 79 килограмм вазнда медаллар учун беллашган ҳамюртимиз Фурқат Рўзиев кумуш медаль соҳиби бўлди.
У финалга қадар ўтказган барча баҳсларни ғалаба билан якунлади. Финал беллашувида эса маҳаллий спортчига кичик ҳисобда ютқазиб қўйди.
Мазкур мусобақанинг шиддатли баҳсларини бошқариб боришда ўзбекистонлик тажрибали ҳакам Ислом Одилов иштирок этди.
ЎзА