Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида самбо бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятли иштирок этишди.
Чемпионатнинг жанговар самбо йўналишида Шаҳзода Азатова, Ойбек Солиев, Соҳибжон Ҳасанбоев ва Ислом Носиров кумуш, Хуршида Абдувоҳидова ҳамда Мадинабону Салоҳиддинова эса бронза медалларини қўлга киритишди.
Парасамбо йўналишида вазни -64 кг бўлган Диёрбек Майдонов финалгача барча рақибларини мағлуб этиб, шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олди.

Ҳаваскор самбо бўйича спорт самбо беллашувларида Ибодатхон Агожонова, Гулина Облоқулова ва Асрор Ҳамидов кумуш медаллар соҳибига айландилар.
Мусобақа якунига кўра, Жаҳонгир Қорабоев, Роман Шакиров ва Екатерина Близнецова қўл остидаги терма жамоамиз 8 та кумуш ва 2 та бронза медали билан умумий ҳисобда 10 та медалга сазовор бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА