Самарқанднинг энг намунали маҳалла раислари
Самарқандда “Энг намунали маҳалла раиси” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Унда танловнинг сектор ва туман (шаҳар) босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 нафар маҳалла раиси иштирок этди.
Қатнашчилар ўз фаолияти ҳақида тақдимот, соҳага доир қонун ҳужжатлари юзасидан савол-жавоб ҳамда маҳаллада учрайдиган кутилмаган муаммоли вазиятга ечим топиш шартлари бўйича яна бир бор синовдан ўтди.


– Бу танловда ғолиб ва мағлуб томон бўлмайди, хулосалар нисбий, – деди танлов очилишида иштирок этган Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев. – Сабаби, унда иштирок этаётганлар танловнинг қуйи босқичларида сараланган, вилоятимизнинг энг олди раислари. Тадбирдан асосий мақсад уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштиришдир. Қолаверса, иштирокчиларни рағбатлантириш орқали фаолияти қўллаб-қувватланади.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, биринчи ўрин ва мамлакат босқичига йўлланма Каттақўрғон шаҳридаги “Яккабоғ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Равшан Ҳамроевга насиб этди. Иккинчи ўринни Самарқанд шаҳридаги Боғимайдон маҳалласи раиси Тошпўлат Раҳматуллаев ва учинчи ўринни Нуробод туманидаги Нурбулоқ маҳалласи раиси Жасур Холов эгаллади.


– Маҳалла раисининг фаолиятига ҳақиқий баҳони фуқаролар беради, – дейди Самарқанд шаҳридаги “Боғимайдон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тошпўлат Раҳматуллаев. – Буни ҳудудлардан тушаётган мурожаатлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Агар раис ўз ишини тўғри йўлга қўймаган, аҳоли билан ҳамжиҳатликда ишламаган бўлса, фуқаролар юқори идораларга мурожаат қилаверади. Акси бўлса, муаммо маҳалланинг ўзида ҳал бўлади. Танловда раисларнинг бу борадаги фаолиятига кўпроқ эътибор қаратдим ва ўзаро тажриба алмашдик.
Танлов ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари, пул мукофотлари берилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари