Самарқандлик ёшларнинг таклифлари маъқулланди
Давлатимиз раҳбарининг илк бор ўтказилган Ўзбекистон ёшлари форумидаги нутқини самарқандлик ёшлар ҳам катта қизиқиш билан тинглади.
Вилоят ёшлари вакиллари форумда бевосита пойтахтда – Ҳумо аренада иштирок этган бўлса, аксарият кўпчилиги, вилоят, туман, шаҳар студияларидан қатнашди. Эътиборлиси, улар тадбир давомида Президентимиз билан мулоқот қилиш, ўз таклиф ва ташаббусларини билдириш имкониятига эга бўлди.
– Ҳозирги кунда қайси бир ривожланган мамлакатга қарамайлик, student society, яъни талабалар жамияти фаолият юритади, – дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси Маржона Самадова. – Мен форумда муҳтарам Президентимизга мамлакатимизда талабаларни ўзаро бирлаштирадиган, бир олий ўқув юрти билан иккинчи олий ўқув юрти ўртасида ҳамкорликни йўлга қўядиган, талабаларнинг чет эл олий таълим даргоҳларида малакасини оширадиган, юртимиздаги 125 университет ва институтларни бирлаштирадиган талабалар ассоциациясини ташкил этиш бўйича таклифимни билдирдим. Бу таклиф Президентимиз томонидан маъқулланди. Вилоят ҳокимлиги ҳамда Самарқанд давлат университетига мазкур олийгоҳда талабалар ассоциациясини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.
“Ипак йўли” халқаро туризм университети талабаласи Шоҳнигор Жўраева бугунги кунда олий ўқув юртларининг аксарият битирувчиларини қийнаётган муаммога ечим топишда давлатимиз раҳбаридан ёрдам сўради.
– Бугун аксарият талабаларимиз фақат диплом учун таҳсил олмоқда, - дейди Ш.Жўраева. – Афсуски, ўқиб билим олиш, ўз соҳасини мукаммал эгаллаш иккинчи масала бўлиб қоляпти. Таклифим: иш берувчи ташкилот битирувчиларни дипломига қараб эмас, малакасига, билимига қараб ишга олса. Шунда таълим олишга масъулият ошади, билимли кадрлар кўпаяди.
Бу таклиф ҳам Юртбошимиз томонидан маъқулланди. Бугун таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар самарасини бериши учун вақт кераклиги, албатта иш берувчи ёшларнинг билим ва салоҳиятига қараб қабул қилинишини айтиб ўтди.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА