Самарқандлик Ватан посбонлари шарафланди
Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тадбирлари Амир Темур мақбарасини зиёрат қилиш билан бошланди. Қуръон тиловат қилиниб, буюк аждодларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
Шундан сўнг вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Марказий ҳарбий округ ва Самарқанд гарнизони, кенг жамоатчилик томонидан Соҳибқирон ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйди.
Самарқанд шаҳридаги Кўксарой майдонида ҳарбий парад ва жанговар техника, қурол-яроғлар кўргазмаси ўтказилди. Мард ва жасур хизматчилар кўргазмали чиқишларини намойиш этди.
Ҳарбийларнинг кўчма палаткаларида уларнинг ҳаёти ва фаолияти акс эттирилди. Дала ошхонасида турли таомлар тайёрланиб, тадбир иштирокчиларига улашилди.

Байрамга бағишланган тантанали маросим Самарқанд ёшлар марказида ўтказилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги ўқиб эшиттирилди.
Шунингдек, тадбир иштирокчиларини Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони А.Саидов қутлади.
Президентимизнинг 2021 йил 12 январда қабул қилинган фармонига кўра, бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Маросимда самарқандлик мукофот эгаларига орден ва медаллар тантанали топширилди. Яна бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

– Байрам арафасида Президентимиз фармони билан давлат мукофотига лойиқ кўрилганимдан жуда хурсандман, – дейди Самарқанд ҳарбий госпитали бўлинма бошлиғи, “Соғлом турмуш” медали соҳиби Шуҳрат Нарзиев. – Бу 23 йиллик каматарона меҳнатимнинг юксак эътирофи, шу билан бирга улкан масъулият деб биламан. Албатта, бу ишончга муносиб бўлиб, ҳарбий хизматчилар саломатлигини муҳофаза қилиш учун бор билим ва тажрибамни ишга соламан.

Бу йилги байрам тадбирлари “Ким юртига содиқ бўлса, мендирман ўша!” шиори остида ўтказилмоқда. Оммавий ватанпарварлик ойлиги доирасида вилоятнинг барча ҳудудларидаги таълим муассасалари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда ҳарбий хизматчилар иштирокида учрашувлар, маданий тадбирлар уюштирилди.

Санъаткорларнинг чиқишлари тадбир иштирокчиларига кўтаринки ва байрамона кайфият улашди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА.