Самарқандлик ўқувчилар ҳам янги ўқув йилини бошлашди
Бугун юртимиздаги барча таълим муассасаларида бўлгани каби Самарқанд шаҳридаги умумтаълим мактабларида биринчи қўнғироқ садолари остида янги ўқув йили бошланди.
Жумладан, Самарқанд шаҳридаги 58-умумтаълим мактабида ҳам “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остида ўтказилган “Билимлар куни” тадбири ўқувчи ёшлар, уларнинг ота-оналарида катта таассурот қолдирди.
- Мактабимизда айни пайтда 882 нафар ўқувчи таълим олмоқда, - дейди мактаб директори Барно Бойқобилова. – Жорий ўқув йилида 72 нафар жажжи ўқувчилар илк бор мактаб остонасига қадам қўйди. Уларга ўқув анжомларидан иборат “Президент совғалари” тантанали топширилди. Янги ўқув йилини анъанавий шаклда бошлаганимиздан ўқувчиларимиз ҳам хурсанд. Мана шундай кўтаринки руҳда бошланган ўқув йилимизда ўқувчиларимиз аъло баҳоларга ўқиб, юксак натижаларга эришади, деб ишонамиз.
[gallery-3779]
“Билимлар куни” мактаб ўқувчилари томонидан Беш ташаббус асосида тайёрланган байрам дастури билан давом этди. Она Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлардан тузилган дастур йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди. Мактаб ҳовлисида жаранг сочган биринчи қўнғироқ садолари остида ўқувчилар янги ўқув йилини бошлашди.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат),ЎзА