Самарқандлик 67 нафар шахс афв этилди
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг муборак Рамазон ҳайити арафасида қабул қилинган фармонига кўра, жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 541 нафар шахс афв этилди.
Бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш халқимизга хос фазилат. Бу давлатимиз сиёсатида ҳам акс этиб, жиноий қилмиши учун жазо ўтаётган шахслар ҳар йили Президентимиз томонидан афв этилмоқда. Бу галги фармон ҳам Рамазон ҳайити кунларида 540 дан ортиқ хонадонга қувонч, шодлик олиб келди. Ножўя хатти-ҳаракати учун жазоланган ва бу қилмишидан хулоса чиқариб, пушаймон бўлган шахслар давлат раҳбарининг бағрикенглигидан баҳраманд бўлиб, байрамни оиласи бағрида нишонлади.
Жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам жазони ижро этиш муассасалари ва ички ишлар идоралари пробация органларида жазо муддатини ўтаётган 67 нафар шахс фармон асосида авф этилди. Вилоят ИИБ пробация бўлимидан олинган маълумотларга кўра, афв этилганларнинг 52 нафари ички ишлар органлари пробация ҳисобидан тўлиқ, 15 нафари жазони ижро этиш муассасаларидан муддатидан илгари шартли озод қилинди. Уларнинг 51 нафарини эркаклар, 16 нафарини аёллар ташкил этади. Олтмиш ёшдан ошганлар – 15 нафар. Пахтачи тумани Қўҳовуз маҳалласида яшовчи А.Мавлонов давлатимизнинг бағрикенглик сиёсатидан баҳраманд бўлган шахслардан бири. У Жиноят кодексининг 270, 273-моддалари билан айбланиб, озодликдан маҳрум этилган эди.
– Жазони ўташ жараёнида қилган хатти-ҳаракатимнинг оқибатларини англаб етдим, бундан ўзимга хулоса чиқардим, – дейди А.Мавлонов. – Бу ишим оилам, фарзандларим шаънига номуносиблигини ҳис қилдим. Пушаймонлигим инобатга олиниб, бугун афв этилганим учун Президентимиздан миннатдорман. Фарзандларим, набираларимга тўғри ҳаёт кечириш, қонунларга амал қилиб яшаш кераклигини уқтириб бораман.
Эндиликда маҳаллий ҳокимликлар ва мутасадди идоралардан афв этилган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилади.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА