Самарқандга сайқал бўлган сарой
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Дублин униветситети “Самарқандга кўчди”...
Бугун сизга иккита бино ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз. Иккаласи ҳам олий ўқув юртининг бинолари. Иккаласининг ҳам лойиҳаси бир хил.
Дублин университети
Дублин университети Ирландиядаги энг қадимги олий ўқув юрти. Университет «Қадимий университетлар» деб номланувчи норасмий рўйхатга киритилган. Бу рўйхатга Дублин университетидан ташқари Англиядаги Оксфорд ва Кембриж университетлари ва Шотландиядаги тўрт университет киради. Бу университетлар бекорга «Қадимий университетлар» рўйхатига киритилмаган: уларнинг барчаси Ўрта асрларда, айнан Ренессанс даврида қурилган.

XVI аср охирида Дублин шаҳрининг бир гуруҳ ташаббускор зиёлилари Оксфорд ва Кембриж университителарини бориб кўриб, бу университетлар фаолиятини ўргангач, Ирландияда ҳам шулар каби олий ўқув юрти бўлишини орзу қилишади ва Англия қироличаси Елезавета I га мурожаат қилишади.
Қиролича Елезавета I эса, зиёлилар кутгандан ҳам тез университет қурилиши учун маблағ ажратади.
Хуллас, зиёли инсонлар ташаббуси ва қироличанинг ҳомийлигида бугун дунёдаги энг нуфузли олий ўқув юртларидан бири – Дублин университетига асос солинади.
Самарқанд давлат тиббиёт институти
Самарқанд давлат тиббиёт институти ҳам Ўзбекистон тарихидаги энг дастлабки институтлардан бири. У 1930 йилда очилган. Бугунги кунга келиб етти мингга яқин талаба дарс олаётган тиббиёт институтининг биноси замон талабларига жавоб бермай қолган, талабалар институтга сиғмас, у бинодан бу бинога сарсон бўлиб юришарди.
Халқаро микёсда эътироф этилган, болалар хирургияси сохасида илмий мактаб яратган машхур олим 2004 – 2020 йилларда Самарқанд давлат тиббиёт институтида ректорлик қилган тиббиёт фанлари доктори, профессор Азамат Шамсиев ҳам Ренессанс давридаги ирландиялик зиёлилар ташаббусини такрорлади. У Самарқандда тиббиёт институти номига яраша бино қуришни ният қилди.
Бунгача 1989 йилда Марказий Осиёда ягона ҳисобланган 200 ўринли ихтисослашган кўп тармоқли «Болалар хирургияси илмий-амалий маркази» ташкил этиб, етарли тажриба тўплаган Азамат Шамсиев казо-казоларнинг қаршилигига қарамай, 2011 йилнинг март ойида Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг тиббиёт институтининг янги укув биноси учун 0,5 гектар ер майдони ажратилиши ҳақидаги қарорини олишга муваффақ бўлди.
Ана шу ерда Самарқанд медицина институтини Дублин университети билан боғлайдиган биринчи иш содир бўлди: дунё кўрган олим, Европа тиббиёти, тиббий ўқув юртлари ютуқларини амалда ўрганган профессор Азамат Шамсиев айнан Дублин университети биносининг лойиҳасини олиб келди.
Лойиҳанинг ўзига ҳам, умуман, тиббиёт институти учун бино қуришга ҳам қарши бўлганлар топилди. Аммо Азамат Шамсиевни ҳеч нарса тўхтата олмаётганини кўрган «корчалонлар» охирги чорани қўллашди: институт биносини қуриш учун маблағ ажратишга тўсқинлик қилишди. Ректорнинг олти йиллик умри институт биносини қуриш учун зарур бўладиган маблағни топиш умидида турли идоралар эшигида ўтди.
Ана шу ерда Ирландиянинг Дублин университети билан Самарқанд тиббиёт институти биноларини боғлайдиган иккинчи иш содир бўлди: Азамат Шамсиев 2017 йилда Самарқанд вилоятига ташриф буюрган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилди.
Ҳурматли Президентимиз эса, Шамсиев кутганидан ҳам тез жавоб берди: шу ернинг ўзида мутасадди ходимларга топшириқ бериб, институтнинг янги биноси қурилиши учун маблағ ажратишни жуда қисқа муддатда ҳал қилишни вазифа қилиб топширди.
2018 йил 3 февралдаги Президент қарорига кўра, Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 800 уринли янги уқув биноси қурилиши учун 54,5 миллиард сўм маблағ ажратилиши биланоқ Азамат Шамсиев зудлик билан қурилиш ишларини бошлаб юборди ва 2020 йилнинг бошларида ушбу бино тайёр холатга келтирилди.
«Баходир-А» МЧЖ раҳбари Аслам Маматқулов бошчилигидаги қурувчилар бу муҳташам бинони икки йилда қуриб битказдилар. Бино лойихасини тузувчи «Меморқурилишлойиҳа» МЧЖ рахбари Ринат Воҳидов.
Бинонинг деворлари тарих синовларидан ўтган Ғозғон гранит тошлари билан безатилди. Шамсиевнинг қўлидан шифо топган Ғозғон мармар кони раҳбари бу қимматбаҳо гранит тошларни ўзига ва ўғлига қайта ҳаёт бахш этган профессорнинг ҳурматига жуда арзон нархларда етказиб берди.

Бино фойдаланишга топширилди. Етти мингга яқин талаба институтнинг янги биносида кенг ва ёруғ ўқув хоналарида сабоқ ола бошладилар.
Дублин университетини Самарқандга «олиб келган», тиниб-тинчимас Азамат Шамсиевдан келажак авлодларга дунёда тенги кам бўлган муҳташам илм қасри армуғон бўлиб қоладиган бўлди.
Дублин университети билан Самарқанд тиббиёт институтини боғловчи учинчи боғлиқлик шуки, Дублин университети 1592 йилда, Ренессанс даврида қурилган бўлса, Самарқанд тиббиёт институтути уқув биноси Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворига тамал тошлари қўйилаётган янги даврда қурилди!
Дублин университети Англия қироличаси Елезавета I раҳнамолигида қурилган бўлса, Самарқанд давлат тиббиёт институтининг янги биноси Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қад ростлади.
Дублин университети биносига ва Самарқанд давлат тиббиёт институти биносига бир назар ташланг! Улар худди эгизакдек бир-бирига ўхшаш!
Мана шундай улуғ мақсадлар йўлида умрини бахшида этган профессор Азамат Шамсиев яқинда, 25 сентябрь куни, 80 ёшни қаршилайди. Азамат Шамсиевни бу улуғ ёши билан табриклаб, у кишига узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаймиз!
Каримберди Тўрамурод,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси