Самарқанддаги “қўйлар томошаси”га изоҳ берилди
Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасида соҳада эришилган натижалар ва галдаги вазифаларга бағишланган пресс-тур ва матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда дастлаб журналистлар қўмитада ташкил этилган мамлакатимиз аграр соҳасининг ушбу икки муҳим тармоғини ривожлантиришга оид кўргазма билан танишди. Қўмита раиси Баҳром Шарипов ОАВ ходимларини сўнгги 4 йил мобайнида пиллачиликда олиб борилаётган ислоҳотлар, шунингдек, қоракўлчилик тармоғини қайта тиклаш ва тараққий эттириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан таништирди.
Пресс-тур доирасида ўтказилган матбуот анжуманида Б.Шарипов журналистларнинг шу йилнинг 6 апрелида ижтимоий тармоқларда тарқалган Самарқанд вилояти Нуробод тумани “Қиличли” МФЙ айрим фуқаролари томонидан содир этилган тартибсизлик бўйича журналистларнинг саволларига жавоб берди.
– Нуробод туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар томонидан маҳаллий ҳокимият биноси ҳудудига қўйлар ҳайдаб келиниб, содир этилган норозилик намойиши тўлиқ ўрганилди, – деди Б.Шарипов. –Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 2 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Самарқанд вилоятидан 707 минг гектар, шу жумладан, Нуробод туманидан 348,2 минг гектар яйлов Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг доимий эгалигига ўтказилган.

Вилоятда 3 та қоракўлчилик кластери ташкил этилган бўлиб, қўмита томонидан мавжуд яйлов ер майдонлари ҳосилдорлиги, ҳолати ва туманлардаги қўй бош сонларига асосан қоракўлчилик кластерларига 49 йил муддатга ноль ставкада ижарага берилган. Бу ҳолат эса “Қиличли” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз яйловдан фойдаланиб келган одамлар эътирозига сабаб бўлган. Иккита фермер хўжалигининг 2 мингдан ортиқ қўйлари 2021 йил 6 апрель куни соат 16:00 ларда туман марказида жойлашган Нуробод тумани ҳокимлиги ҳудудига ҳайдаб келинган. Суриштирувлар натижасида мазкур қўйларнинг бир қисми Нуробод туманида жойлашган “Соҳибкор Хожиакбар” фермер хўжалигига тегишли бўлган.
– Менга 834 гектар яйлов майдони ижара шартномаси асосида ажратиб берилган, – деди “Соҳибкор Хожиакбар” фермер хўжалиги раҳбари Эркин Эргашев. – У ерда 1 минг 450 бош қўйни боқиб, аҳолига сифатли жун ва тери хомашёси, гўшт маҳсулотларини етказиб берамиз. “Қиличли” маҳалла фуқаролар йиғини Охун қишлоғида истиқомат қилувчи 15 га яқин фуқаролар томонидан яйловлардан ижара шартномаларисиз бепул фойдаланиш илинжида кластер раҳбарлари ва мутасадди ташкилотлар “кўзини қўрқитиб қўйиш” мақсадида ўша куни кечки пайт менинг фермер хўжалигимга тегишли бўлган 1 минг 450 бош қўй чўпонларни қўрқитиш орқали ҳокимлик олдига олиб келинган. Ҳокимият олдига ҳайдаб келинган ва қоидабузарларнинг ўзи шу заҳотиёқ воқеа жойидан ғойиб бўлган. Бу ўзини фойдасини ўйлаган фуқаролар томонидан уюштирилган томоша ҳалос.
Қўмита раиси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушбу қоидабузарликни ташкил этганлар ва иштирокчиларнинг ҳаракатларига қонуний баҳо берилиб, уларга нисбатан тегишли чора кўрилиши белгиланганлигини маълум қилди.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА