Самарқандда юридик лицей ташкил этилади
Самарқанд вилояти адлия бошқармаси томонидан ташкил этилган навбатдаги матбуот анжуманида давлатимиз раҳбарининг шу йил 24 май куни қабул қилинган “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармони юзасидан журналистларга маълумот берилди.
– Мазкур фармон билан Адлия вазирлигининг 4 та янги фаолият йўналиши белгиланди, – деди Самарқанд вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Сатторов. – Яъни аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш, жойларда аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш ҳамда давлат органлари ва маҳаллаларда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда методик ёрдам кўрсатиб боришдир.
Шунингдек, адлия бўлимларига 6 та янги вазифа юклатилмоқда. Унга кўра, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш учун ҳар ойда маҳаллаларда “Адлия куни” тадбирлари ўтказилади, камида икки марта сайёр давлат хизматлари кўрсатилади. Уйма-уй юриш ва “Ҳуқуқий кўмак” акцияларини ўтказиш орқали фуқароларнинг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий муаммоларни бартараф этиш бўйича қонунчиликка таклифлар ишлаб чиқилади. “Online-mahalla” платформаси орқали ҳуқуқий масалаларга оид муаммолар ҳал этиб борилади. Аҳолига бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилиши ва уларга ҳуқуқий тушунтириш бериш йўлга қўйилади. Ёшлар, аёллар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзлардан хабардор қилиб борилади. Туман (шаҳар) ташкилотлари ҳамда маҳалла идораларига ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича методик ёрдам кўрсатилади.
Фармонда босқичма-босқич 135 туман (шаҳар)да “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилотининг ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил қилиниши белгиланган. Айни пайтда вилоятимизнинг 12 туман ва шаҳрида шундай масканлар ташкил этилган. Яқин орада бошқа ҳудудларда ҳам бюролар иш бошлайди.
Яна бир муҳим янгилик – “Маҳалла ҳуқуқшуноси” лойиҳаси жорий қилиниб, маҳалла раисларининг ҳуқуқий билим ва кўникмалари оширилади. Маҳаллаларда ҳафтанинг чоршанба куни “Ҳуқуқий тарғибот куни” ўтказилади.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қўшимча қулайликлар яратилиб, 13 та давлат хизматлари ДХМ ва Ягона портал орқали кўрсатилади. Мамлакатимизда илк бор хусусий сектор вакилларига 15 турдаги давлат хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи берилади.
Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича Наманган ва Самарқанд шаҳарларида юридик лицейлар ташкил этилади. 2080 та мактабда “Ҳуқуқ синфи” ва ҳуқуқ фани чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилишини ташкил этиш орқали юридик кадрларни тайёрлашда “мактаб – лицей – техникум – университет” тизими жорий этилади.
– Юридик лицей Самарқанд юридик техникуми негизида Тошкент давлат юридик университетининг академик лицейи тарзида ташкил этилади, – дейди Самарқанд юридик техникуми директори Ойбек Ширинов. – Лицейга умумий ўрта таълим мактабларининг 9-синфини битирган ўқувчилар имтиҳон асосида қабул қилинади ва уаларга юридик таълим чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади.
Матбуот анжумани давомида адлия бошқармаси масъуллари оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари