Самарқандда қандай технологиялар яратилмоқда?
Бугун замонавий технологиялар деганда, кўпчилик хориж маҳсулотларини тасаввур қилади.
Самарқанднинг ўзида ҳам шундай маҳсулотлар яратилаётганини биласизми? Маҳаллий дастурчилар ишлаб чиққан ечимлар маҳсулот таннархини қанчага камайтирмоқда?
Бу саволларга Самарқанд шаҳрида фаолият юритаётган «Самлед» МЧЖ мисолида жавоб топиш мумкин. Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Самарқандга ташрифи доирасида юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи мазкур корхона фаолияти билан танишди.

«Самлед» МЧЖ бугунги кунда замонавий кузатув камералари, FaceID технологиясига эга ақлли турникетлар, компьютер қурилмаларини йиғиш ва уларнинг дастурий таъминотини маҳаллийлаштириш, шунингдек, ёқилғи қуйиш шохобчаларини рақамлаштириш йўналишларида иш олиб бормоқда.
Корхона раҳбари Жамшед Саттаров «Самлед»нинг ривожланиш босқичлари ва эришилаётган натижалар ҳақида маълумот берди.

Фаолиятини овоз кучайтиргичлар ишлаб чиқаришдан бошлаган корхона бугун «Самвижн» бренди остида замонавий кузатув камераларини ишлаб чиқармоқда. Эътиборлиси, ушбу камераларнинг дастурий таъминоти самарқандлик маҳаллий дастурчилар томонидан яратилмоқда. Бу эса маҳсулот таннархини аналогларга нисбатан 30 фоизгача камайтириш имконини бермоқда.
Хўш, маҳаллий ишлаб чиқариш фақат кузатув камералари билан чекланадими? Йўқ. Корхонада FaceID технологияси асосида ишловчи ақлли турникетлар ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Компьютер қурилмаларини тўлиқ маҳаллийлаштириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.
Шерзод Шерматов маҳсулот ва дастурий ечимларни нафақат ички бозорга етказиб бериш, балки хорижий бозорларга экспорт қилиш муҳимлигини таъкидлади.
Ташриф давомида маҳаллий аппарат ва дастурий ечимларни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда технологик мустақилликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА