Самарқандда психотроп моддалар савдоси олди олинди
ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси вилоят ИИБ билан ҳамкорликда психотроп дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида тезкор тадбирлар ўтказмоқда.
Жорий йилнинг 11 октябрь куни ўтказилган шундай тадбирда муқаддам судланган, Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаро А.Б. ҳамда унинг самарқандлик ҳамтовоғи, муқаддам судланган, “Самарқанд – Тошкент” йўналишида киракашлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро Ғ.Х. психотроп моддаларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланаётган вақтда уларнинг фаолиятига чек қўйилди.

Фуқаро Ғ.Х. бир неча кун олдин А.Б. га катта миқдордаги психотроп дори воситалари учун 1600 АҚШ доллари берганлиги ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан аниқланган эди. Тезкор тадбир давомида фуқаро А.Б. Самарқанд шаҳридаги Регистон маҳалласи ҳудудида Ғ.Х.га 1414 дона “Регопен” психотроп дори воситасини (101 қадоқда) бераётган вақтда жиноят устида қўлга олинди.
Ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА.