Самарқандда оғир ҳудудлар муаммолари ечилмоқдa
Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Самарқанд вилоятида ҳам “Обод кўча”, “Обод маҳалла”, “Обод хонадон” мезонларини жорий қилиш, ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш бўйича кенг кўламдаги амалий ишлар амалга оширилмоқда.
Дастурга вилоятнинг оғир ҳудудларидан ҳисобланган Каттақўрғон туманидаги Чуянчи, Иштихон туманидаги Чағатой, Пастдарғом туманидаги Олтиқаҳрамон ҳамда Оқдарё туманидаги Янгиқўрғон маҳаллалари киритилган.
Ушбу ҳудудлар аҳолисини ўйлантириб келаётган муаммоларга ўз вақтида ва сифатли ечим топиш мақсадида Республика ишчи гуруҳи вакиллари уйма-уй юриб ўрганишлар олиб борди.

Аниқланган муаммоларни бартараф этиш мақсадида қатор ижобий ишлар қилинди. Жумладан, маҳаллалардаги ижтимоий инфратузилмани яхшилаш борасида 13 километрдан зиёд ички йўллар асфальтланди. Эски ёғоч электр устунлар янги темир - бетон устунларга алмаштирилди, 2 километрга яқин янги электр сим тармоқлари тортилди, 2 дона янги трансформатор пункти ўрнатилди.
Табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида 2 километрга яқин газ қувурлари жорий ва капитал таъмирланди. Фуқаролар мурожаати асосида ҳудудларга 600 дан зиёд қўшимча суюлтирилган газ балонлари алмаштириб берилди. Ҳудудлардаги барча қабристонларда ободонлаштириш ишлари, мавжуд дарахтларга шакл берилиб, деворларни оқлаш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, қиш мавсуми олдидан 2 мингдан зиёд хонадонда техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилиниши, иситиш печкалари (кўмир, ўтин ва суюлтирилган газга мослаштирилган печ ва плиталар)ни мавсумга тайёргарлик ҳолати тўлиқ ўрганилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди.

Аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида 3 минг нафарга яқин фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Натижада вилоят ва туман соғлиқни сақлаш муассасаларида даволанишга эҳтиёжи бор 213 нафар фуқарога даволаниш учун бепул йўлланма берилди. 30 дан зиёд эҳтиёжманд оилага ногиронлик аравачалари топширилди.
Ўрганишлар давомида аниқланган юзга яқин ишсиз фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. Кам таъминланган фуқароларга хонадон таъмири учун қурилиш материаллари бепул етказиб берилди. Боқувчисини йўқотган фуқароларнинг хонадонлари таъмирланмоқда.
Республика ишчи гуруҳи фаолияти давом этмоқда.
Шерали Отабоев тайёрлади,
ЎзА