Самарқандда Хитой тиббиёт клиникаси билан ҳамкорликда тиббий марказ ташкил этилади
Самарқанд давлат тиббиёт университетида Хитой тиббиёт клиникаси вакиллари Ван Жанг Хуа ва Суи Тонг Ши бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказилди.
Университет ректори, профессор Жасур Ризаев Самарқанд давлат тиббиёт университети ва унинг қошидаги клиникалар фаолияти, таълим муассасасидаги ўқув жараёнлари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, олийгоҳнинг хориждаги нуфузли университетлар ва тиббий муассасалар билан ҳамкорлиги, бунинг самаралари ҳақида сўз юритилди.

Хитой тиббиёт клиникаси вакиллари соҳадаги кўп йиллик тажрибалари ва эришган ютуқлари ҳамда Хитойда қўлланилаётган энг замонавий ташхис ва даволаш усуллари билан ўртоқлашди. Шунингдек, Самарқанд давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида қулоқ, бурун ва томоқ (ЛОР) касалликларига ихтисослашган замонавий клиника ташкил этиш ниятида эканликларини билдиришди. Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев билан учрашувда ҳам бу таклифни билдирганликлари ва ташаббус қўллаб-қувватланганини қайд этишди.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Хитой томони 5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритишга тайёрлиги маълум қилинди.
Учрашувда шу ва бошқа лойиҳаларни тезроқ ҳаётга татбиқ этиш, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири