Самарқандда Француз Алянсининг ваколатхонаси очилади
Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Франция Президентининг маслаҳатчиси Изабел Дюмон хоним бошчилигидаги делегация 4 апрель куни Самарқандга ташриф буюрди.
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов билан учрашув чоғида Ўзбекистон-Франция муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
- Франция Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим ҳамкорларидан бири ҳисобланади, - деди Э.Турдимов.- Бу тарихан қарор топган дўстона муносабатларимиз самарасидир. Самарқандга Европадан келадиган сайёҳларнинг катта қисми Франция ҳиссасига тўғри келади. Биз ушбу давлат билан савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга тайёрмиз.
Юқори мартабали меҳмон ушбу ташриф икки давлат президентлари Шавкат Мирзиёев ва Эммануел Макроннинг учрашувларида эришилган келишувлар туфайли янада мустаҳкамланганини таъкидлади. Жумладан, Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи чоғида иккита йирик кўргазма очилди. Бу Луврда – “Ўзбекистон воҳаларининг улуғворлиги. Карвон йўллари чорраҳасида”, Араб дунёси институтида эса “Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари" кўргазмаларидир.
- Ушбу ташрифим Ўзбекистон Президентининг ўтган йил ноябрь ойи охирида Парижга қилган ташрифининг мантиқий давомидир, - деди Изабел Дюмон. - Президентингиз Эммануел Макрон билан ажойиб учрашув ўтказди, унда кўплаб масалалар муҳокама қилинди. Франция Президенти вакили сифатида Ўзбекистонга ташрифим муносабатларимизни янада мустаҳкамлашга қаратилган. Самарқандда бўлиш эса менинг энг катта орзуларимдан бири эди. Бу тарихий шаҳар цивилизация ва маданият марказидир. Шунинг учун Самарқандда маданият ва тил соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ниятидамиз. Ўтган йил ноябрь ойида Парижда икки давлат раҳбарлари Самарқандда Француз Алянс ассоциациясининг ваколатхонасини ташкил этиш масаласини муҳокама қилган эди. Ташкилотнинг вазифаси франсуз тили ва маданиятини бутун дунёга ёйиш, маданиятлар мулоқотини рағбатлантиришдан иборат. Ташрифимиз давомида ушбу лойиҳани амалга оширишга киришамиз.
Учрашувда фаол сиёсий мулоқотларни давом эттириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, Франциянинг етакчи компания ва банклари билан “яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, сув таъминоти, транспорт ва туризм инфратузилмасини модернизация қилиш каби йўналишларда биргаликдаги лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА