Самарқандда электр ва газ бўйича 6,6 миллиард сўмлик ноқонуний ҳолатлар аниқланди
“Ўзэнергоинспекция” ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳудудларда электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиш, шунингдек, энергетика объектларида хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик ҳолатларини аниқлаш бўйича тизимли назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
Самарқанд шаҳри ва Самарқанд туманида ўтказилган текширувлар давомида жами 2,5 миллиард сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 4 та ҳолат аниқланди. Текширувлар натижасида айрим нотурар бинолар ҳамда фуқароларга тегишли объектларда электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатлари қайд этилиб, бу орқали йирик миқдорда иқтисодий зарар етказилгани маълум бўлди.
Шунингдек, новвойхона томонидан ҳисоблагичдан олдин тармоққа яширин уланиш асосида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди. Натижада газ таъминоти корхонасига 4,1 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилгани қайд этилди.
Бундан ташқари, Жиззах вилоятида энергетика объектларида ўтказилган ўрганишлар жараёнида электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидалари бузилгани аниқланди. Шу сабабли, таъмирлаш ишларини олиб бораётган бригада иш жойидан четлатилди.
Умумий ҳисобда, электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳамда қоидабузарликлар оқибатида 6,6 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА