Самарқандда адвокат пора билан қўлга тушди
Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ходимлари томонидан 1971 йилда Самарқанд туманида туғилган, Самарқанд шаҳридаги “YULDUZ” адвокатлик фирмаси адвокати вазифасида ишлаб келаётган А.У. суд идораларида кўриб чиқилаётган ишларда адвокат сифатида иштирок этиб, “воситачилик” қилиш йўли билан суд тизимида ишловчи танишлари орқали ишларни ижобий ҳал қилиб бериш эвазига фуқаролардан катта миқдордаги пул маблағларини олиб келганлиги аниқланди.
Хусусан, маҳаллий фуқаронинг турмуш ўртоғи билан қонуний никоҳини бекор қилиш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро судининг қарорини чиқартириб бериш эвазига ундан 1 500 АҚШ доллари талаб қилган.
Ўтказилган тезкор тадбирда адвокат А.У. ушбу фуқародан келишилган пулларнинг 1300 АҚШ долларини олаётган вақтда жиноят устида қўлга олинди. Ҳозирда А.У.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатиш бўйича суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА