Самарқандда 97 минг ёш илк бор сайловда қатнашади
Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган “Ёшларнинг сиёсий билимлари ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш” акцияси республикамиз бўйлаб қизғин руҳда давом этмоқда.
Aкциянинг Самарқанд ҳамда Қашқадарё вилоятларидаги лойиҳалари ҳам ёш йигит-қизларнинг фаоллиги остида ўтди.
– Жорий йилда Самарқандда 97 минг нафар ёш илк бор сайловда қатнашади, – дейди Ёшлар иттифоқининг Самарқанд вилояти кенгаши раиси Завқиддин Эргашев. – Сайловчи ёшларнинг сиёсий билимларини ошириш учун ўқув-семинарлар ташкил этилиб, 2 минг нафардан зиёд тренерлар шакллантирилмоқда. Шунингдек, акция доирасида “Ўз келажагимни ўзим белгилайман, Сизчи?” шиори остида иншолар танловини ҳам ўтказдик. Унда 44 нафар ёш ижодкор ўз иқтидорини, ижодий имкониятларини намоён қилди.
Самарқанд шаҳридаги Aлишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида “Ўзбекистон учун 100 ғоя” лойиҳасининг ярим финал босқичи бўлиб ўтди. 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида турли соҳалардаги муаммоларнинг ечимига айланиши мумкин бўлган, Ўзбекистонни ривожлантиришга оид ғоялар ва таклифлардан иборат кенг миқёсли республика танловининг ярим финал босқичида Самарқанд вилоятидан жами 2 минг 654 нафар ёш иштирок этиш истагини билдириб, ариза топширган. Шулардан 105 нафари вилоят саралаш босқичида иштирок этди.

Ёшлар акциясининг Қашқадарё вилояти босқичи Қарши шаҳридаги Aлишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтди. Акция доирасидаги қатор лойиҳа ҳамда тақдимотлар иштирокчиларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимлари, сайлов билан боғлиқ кўникмаларини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, акция иштирокчилари Қарши шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Олий ҳарбий авиация билим юртида ёш курсантлар билан учрашиб, сайлов тарғиботи амалга оширилди.
Таъкидлаш жоизки, республикамиз бўйлаб давом этаётган мазкур ёшлар акцияси жойларда ёш сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларнинг сайловга оид билимларини бойитишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Қолаверса, олдимизда турган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини уюшқоқлик билан ўтказиш, бу жараёнда ёшларнинг фаол иштирокни таъминлашда бу каби тарғибот тадбирлари муҳим ўрин тутади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА