Самарқандда 2 та беш юлдузли, 19 та тўрт юлдузли меҳмонхона бор
Бу ҳақда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг сессиясида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳисобот берган вилоят ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари – туризм бошқармаси бошлиғи Рустам Қобилов маълум қилди.
Ҳоким ўринбосарининг айтишича, туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли тизимли ишлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятга 3,4 миллион нафардан ортиқ хорижий ва 4,7 миллион нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрди. Йил бошидан буён 2800 ўринли 85 та жойлаштириш воситалари (меҳмонхона, меҳмон уйи, хостел) ташкил этилиб, уларнинг сони 934 тага (ўрин сони 23,5 мингта) етказилди. Биргина, Имом Бухорий мажмуаси ҳудудида 1240 ўринли 24 та замонавий меҳмонхона иш бошлади. Бир пайтлар фақатгина шаҳарлар ва айрим туманлардаги жойлаштириш воситалари бўлгани ҳолда айни пайтда вилоятнинг туман ва шаҳарларда меҳмонхона ва меҳмон уйлари ишлаб турибди.
Вилоятдаги меҳмонхоналарнинг 2 таси беш юлдузли, 19 таси тўрт юлдузли меҳмонхона ҳисобланади. Йил якунига қадар юлдузли меҳмонхоналар сонини кўпайтириш режалаштирилган.
Умуман, йилнинг қолган даврида вилоятда 2700 ўринга мўлжалланган 141 та жойлаштириш воситалари, жумладан 9 та меҳмонхона, 36 та хостел, 96 та оилавий меҳмон уйи ташкил этилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири