Самарқанд вилоятида йилқичилик ва от спортини ривожлантириш масалалари ўрганилди
Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Ғозиев ҳамда Самарқанд вилояти йилқичилик ва от спорти федерацияси ижрочи директори Ғ.Жабборов ҳамроҳлигида вилоятда хизмат сафари ташкил этилди.
Самарқанд вилоятида йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш, соҳадаги мавжуд инфратузилмани такомиллаштириш ҳамда Президент қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида амалий ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ташриф давомида Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган хусусий от спорти клублари ва чавандозлар мактаби фаолияти ўрганилди. Хусусан, объектларнинг моддий-техник базаси, машғулотлар жараёни, спортчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда спорт инфратузилмасининг бугунги ҳолати билан яқиндан танишилди.

Ўрганишлар якунида мавжуд муаммоларни бартараф этиш, от спорти инфратузилмасини янада ривожлантириш, спортчилар тайёргарлиги сифатини ошириш ва ёшларни мазкур спорт турига кенг жалб қилиш юзасидан тегишли топшириқ ҳамда кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, масъул мутасаддиларнинг таклиф ва ахборотлари кўриб чиқилиб, йилқичилик ва от спортини изчил ривожлантиришга қаратилган келгуси устувор вазифалар белгилаб олинди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА