Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев Оқдарё туманида мактабгача ва мактаб таълим соҳаси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда муассасаларда таълим сифатини ошириш, мактаб-оила-маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

***
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ректори, профессор Ш.Ҳасанов Хитой Халқ Республикасининг Урумчи шаҳридаги Шинжон қишлоқ хўжалиги университети раҳбарияти билан талабалар алмашинуви, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, илмий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш каби йўналишларда ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувларга эришди.
Институт делегацияси Урумчида ташкил етилган “2025 Хитой – Марказий Осиё мамлакатлари саноат-таълим-тадқиқот-амалиёт интеграцияси ва ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро саммитда ҳам иштирок этишди.

***
“Samarqand yo‘lovchi trans” давлат корхонаси Самарқанд шаҳри йўналишларида қатновчи электробусларда йўловчиларнинг интернетдан текин фойдаланишига имконият яратди. Электробуслардаги Wi-Fi алоқа тизими орқали йўловчилар бу имкониятдан фойдаланишлари мумкин.

***
Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг контрабандага қарши курашиш бўлими, ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда ИИБ ходимлари Булунғур туманидаги “Юқори нуқта” йўл-патрул хизмати масканида Наманган-Самарқанд йўналишида ҳаракатланаётган “Ласетти” автотранспорт воситасини тўхтатиб текширганда йўловчи сифатида кетаётган фуқаронинг қўл юклари орасида 288 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги аниқланди.
Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири