Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
2024 йилда вилоятда 4656 та оилавий ажрим қайд этилган. Жумладан, Самарқанд шаҳрида 638 та, Самарқанд туманида 462 та, Ургут туманида 336 та оила бузилган. Бунинг оқибатида 4194 нафар бола ота ёки онасиз бўлиб қолган. Ажримларнинг 1192 таси 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида юзага келган.
Булунғур тумани Янгиариқ маҳалласида бир йилда 11 та, Жомбой туманидаги Олмазор маҳалласида 9 та, Каттақўрғон шаҳридаги Кунжипай маҳалласида 7 та оила ажрашган.

Бу рақамлар вилоят ҳокимлигида ўтказилган муҳокамада қайд этилиб, оилавий ажримларнинг олдини олишга маҳалла еттилигидан сектор раҳбарлари ва ҳокимларгача масъуллиги эслатиб ўтилди.
***
Булунғур туманида инвестиция дастури асосида 12-, 22-, 59-, 62-мактаблар учун жами 620 ўринли ва 1-давлат мактабгача таълим муассасаси учун 90 ўринли қўшимча бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Ўтган йил туманда 22 та оилавий мактабгача таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилган эди.
***
Пайариқ туманидаги 69-мактабнинг 330 ўринли қўшимча биноси инвестиция дастури асосида бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” маблағлари ҳисобидан 97-, 89-мактабларнинг спорт заллари реконструкция қилинган бўлса, 5-мактаб учун 180 ўринли қўшимча бино қурилди.

Янги объектларнинг очилиш маросимида туман фаоллари иштирок этиб, яратилган қулайлик ва имкониятлар билан танишди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири