Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
“Адолат” социал-демократик партияси марказий кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Робахон Маҳмудова бошчилигидаги гуруҳ Самарқанд вилоятида ижтимоий масалаларни ўрганишни бошлади.
Партия етакчиси дастлаб Самарқанд шаҳри ва туманида партия фаоллари, депутатлар билан учрашиб, асосий мақсад жойларда аҳоли турмуш тарзи билан танишиш, муаммоларни ўрганиш ва келгусида уларни мутасаддиларни жалб этган ҳолда ҳал этишдан иборат эканлигини таъкидлади.

***
Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Самарқанд давлат чет тиллар институтида Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисм хизматчилари билан учрашув ўтказилди.
Ҳарбий қисм командири, подполковник А.Соатов талабаларга мамлакатимиз Қуролли Кучларининг жанговар салоҳияти, мамлакатимиз тинчлиги, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш йўлида туну кун сергак турган ҳарбий хизматчилар фаолияти ҳақида гапириб берди.
Ҳарбий қисм аскар ва хизматчилари кўргазмали жанговар чиқишларини намойиш этди, ҳарбий оркестр томонидан куй-қўшиқлар ижро қилинди.

***
Мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва куч тузилмалари ходимлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинини ўтказди.
Унда Марказий ҳарбий округнинг “Мард ўғлонлар” жамоаси биринчи, Ички ишлар вазирлиги Самарқанд академик лицейининг “Академик” жамоаси иккинчи ва вилоят ички ишлар бошқармасининг “Самарқанд вилояти ИИБ” жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири