Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов билан учрашув ўтказди.
Учрашувда савдо-иқтисодий, энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё ҳамда машинасозлик соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди.
Элчи Самарқандда ишлаб чиқарилган гилам ва гилам маҳсулотлари, қуруқ мевалар Қозоғистон бозорида жуда харидоргирлигини билдириб, экспорт ҳажмини ошириш масалаларига тўхталди.

***
Вилоят ҳокими Э.Турдимов тегишли бошқарма ва идоралар ҳамда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги масъуллари иштирокида Қорасув массивида қурилаётган туғруқ мажмуаси ва 1860 ўринли мактаб қурилиши билан танишди. Вилоят раҳбари лойиҳа асосида барча юмушлар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши кераклигини таъкидлаб, бинолар том қисмида қуёш панеллари ўрнатилиши зарурлигини айтди. Шунингдек, мактаб атрофида кўпроқ яшил майдонлар ташкил этиш, дарахт кўчатлари ўтқазиш кераклиги қайд этилди.
Ўрганиш давомида ҳудуддаги йўллар ва пиёдалар йўлакларининг таъмирталаблиги, чиқиндилар ўз вақтида олиб чиқилмаётгани ва қурилиш объектлари атрофида чиқиндилар тўпланиб қолгани танқид қилинди.
Вилоят ҳокими юз минг аҳоли яшайдиган шаҳарчага айланаётган мазкур массивда замон талабларига мос хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини кучайтириш бўйича масъулларга топшириқлар берди.

***
“Ёш китобхон оила” танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Унда танловнинг қуйи босқичларида 1400 дан ортиқ оила орасидан ғолиб бўлган китобхон оилалар иштирок этди.
Тавсия этилган адабиётлар бўйича берилган саволларга тўғри жавоб қайтарган Қўшработ тумани Тоз маҳалласида яшовчи Сирожиддин Маъмиров ва Севара Аббосова оиласи биринчи ўринни эгаллади. Кейинги совринли ўринлар Иштихон тумани Муротобод маҳалласидан келган Достон Исломов ва Шаҳзода Исломова оиласига ҳамда Самарқанд шаҳри Обод маскан маҳалласидан Шаҳбоз Раҳимжонов ва Мафтуна Раҳимжонова оиласига насиб этди.
***
Вилоят ахборот-кутубхона марказида Абу Исо Ат-Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилоят бўлими ва Самарқанд шаҳар бўлинмаси масъуллари, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Самарқанд давлат чет тиллари институти ходимлари буюк имом маънавий мероси, муқаддас ислом дини ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири