Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Иштихон “Оққўрғон тажрибаси” асосида обод қилинади. Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори асосида Иштихон туманидаги 31 та маҳалла фуқаролар йиғинида 20 миллиард 580 миллион сўмлик ишлар бажарилиши режалаштирилган.

Айни пайтда туманда Республика ишчи гуруҳи кўмаги билан Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани тажрибаси асосида маҳаллаларни обод қилиш, бунёдкорлик ишларини амалга ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга киришилди. Жумладан, Баҳрин, Сафохўжа ва Чинортепа маҳаллаларида электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 3 та трансформатор, 731 та бетон таянч устунлар ўрнатилмоқда. 33 километр замонавий ёпиқ кабель тортилмоқда. 17 та маҳаллада 22 километрдан ортиқ ички йўллар таъмирланмоқда.
****
Алтайлик ижодкорлар Самарқанд вилояти матбуоти тарихи билан танишди. Юртимизда меҳмон бўлиб турган Россия Федерациясининг Алтай Республикаси журналистлар уюшмаси вице-президенти Алексей Ивашкин ҳамда Алтай давлат университети ўқитувчиси Иван Кольцов Самарқанд вилояти матбуот уйида бўлиб, вилоят бош нашрлари фаолияти билан танишди.

Маҳаллий журналистлар билан суҳбат чоғида Самарқанд ва Алтай ўлкаси журналистикасининг ютуқлари, тажрибалари ҳақида сўз борди. Меҳмонлар Самарқанд вилояти матбуоти тарихи музейини ҳам томоша қилди.
****
Пастдарғомда 9 миллиард сўмлик кредит қарзи учун бинолар хатланди. Пастдарғом туманлараро иқтисодий судининг 2023 йилнинг 16 январдаги суд ҳужжатига асосан қарздор “GRANT MRAMOR INVEST” ва қўшимча жавобгар "GRAND PERSPECTIVE STEEL" масъулияти чекланган жамиятларидан ундирувчи акциядорлик тижорат “Xalqbanki” фойдасига 9 миллиард 497 миллион 841 минг сўм кредит қарздорлигини ундириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Пастдарғом туман бўлими иш юритувига келиб тушган.

Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида туманнинг Камолот ва Дўстлик маҳаллаларидаги қарздорларга тегишли бўлган бино ва иншоотлар, мева-сабзавотларни сақлайдиган музлатгич биноси хатланиб, аукцион орқали сотувга чиқариш чоралари кўрилмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА