Самарқанд ва Сианни туризм бирлаштиради
“Silk Road Samarkand” туристик марказида Хитойнинг Сиан шаҳри маданияти ва туризми тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзаро маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, хусусан, туризмни ривожлантиришга қаратилган тадбирда Хитойнинг қадимий Сиан шаҳрининг туристик салоҳияти намойиш этилди.
Тадбирда Самарқанд вилояти ва Сиан шаҳри масъуллари иштирок этиб, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишнинг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтди.
– Сиан шаҳри билан Буюк Ипак йўли орқали қадимдан савдо-сотиқ алоқалари ривожланган, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимлиги масъул ходими Нозир Ибрагимов. – Бугунги тақдимот давомида Сиан шаҳрининг туристик салоҳиятли қанчалик юқори эканлигига яна бир бор гувоҳ бўлдик. Сианнинг ўзига хослиги шундаки, бу шаҳар қадимийлик ва завонавийликни уйғунлаштира олган бетакрор шаҳар ҳисобланади. Бугунги кунда Сиан – Тошкент ўртасида авиақатнов йўлга қўйилган. Биз Сиан – Самарқанд йўналишида ҳам авиақатновни йўлга қўйиш таклифини билдирдик.
Тадбирда туризм соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Самарқанд вилояти туризм бошқармаси ва Сиан шаҳри маданият ва туризм бошқармаси ўртасида меморандум имзоланди.
– Самарқанд билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида меморандум имзолаб, Буюк Ипак йўлидаги икки қадимий шаҳар ўртасидаги алоқаларни қайта тиклаймиз, – дейди Сиан шаҳри маданият ва туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зуо Донг. – Қадимий Самарқанднинг дунё ҳамжамиятидаги ўрни барчага аён. Бизнинг Сиан шаҳри ҳам уч минг йиллик тарихга эга. Буюк Ипак йўли Сиандан бошланади. Унинг маданияти, тарихи ҳам жуда бой. Бутун жаҳон маданий меросидан жой олган олтита тарихий маскан жойлашган. Тақдимотимиз давомида буни янада ёрқинроқ тушунтиришга ҳаракат қилдик. Ўйлайманки, бугунги тадбиримиз Сиан ва Самарқанд ўртасида туризм, маданият соҳаларидаги ҳамкорлигимизнинг янги босқичини бошлаб беради.
[gallery-13920]
Тадбир давомида Сиан миллий рақслари, хусусан, Танг сулоласи қўшиқ ва рақс дурдоналари ҳамда ўзбек миллий санъати намуналари намойиш этилди.
Шунингдек, Сиан шаҳри маданият ва туризм департаменти томонидан омадли меҳмон ўйини ташкил қилиниб, унда совғалар ҳамда авиарейсларга чипталар ва Сиан шаҳридаги энг йирик меҳмонхоналарда жойлашиш имкониятини берувчи йўлланмалар тақдим этилди.
– Туристик фирмада туроператор сифатида фаолият юритаман, – дейди Ворис Мухторов. – Тақдимот давомида Сиан шаҳрининг диққатга сазовор жойларини кўриб, саёҳатга бориш истаги туғилган эди. Тадбир якунида ўтказилган танловда Сиан авиарейсига чипта ютиб одим. Насиб бўлса, бу қадимий шаҳарга бориб, унинг туризм салоҳиятини ўрганиб қайтаман.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари