Самарқанд театри Анқарада спектакль қўйди
у кунларда Самарқанд вилоят мусиқали драма театри Туркия Республикасида бўлиб ўтаётган 14-ETHOS Анқара халқаро театр фестивалида иштирок этмоқда.
Театрнинг ёш ижодкорларидан иборат ижодий гуруҳи фестивалда таниқли турк драматурги Тунжар Жўжанўғли қаламига мансуб “Бўёқчи” комедиясини томошабинлар ҳукмига ҳавола этди.
Маҳоратли режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мунаввара Абдуллаева саҳналаштирган спектаклни томошабинлар катта қизиқиш билан кутиб олди.
Фестиваль қўмитаси раиси Ҳоқон Серҳан Сарикая ва Евроосиё театрлар уюшмаси лойиҳасининг координатори Гамзе хоним мазкур спектаклни “ўзига хос характерларга эга қаҳрамонлар иштирокидаги комедия” сифатида эътироф этиб, актёрлар ижросини юқори баҳолади.
Самарқанд театри жамоаси 2018 йилда Туркиянинг Конья шаҳрида ўтказилган “Минг нафас – бир овоз” XI Халқаро театрлар фестивалида иштирок этиб, Тунжар Жўжанўғлининг “Кўчки” спектаклини намойиш этган ва бу асарга ҳам жуда катта қизиқиш билдирилган эди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА