Самарқанд шаҳар куни нишонланмоқда
Самарқанд шаҳар куни нишонланмоқда
18 октярбь – қадимий ва ҳамиша навқирон, ер юзининг сайқали Самарқанд шаҳар куни. 1996 йилдан буён Самарқанд аҳли бу кунни кенг нишонлаб келади.

Бугун ҳам қадимий кентда байрам тадбирлари эрта тонгдан бошланди. Дастлаб Регистон майдонидан Университет хиёбонигача бўлган масофада оммавий юриш марафони ўтказилди. Унда каттаю кичик, нуронийлар ва ёшлар, маҳаллалар аҳли фаол иштирок этди.
Вилоят ва Самарқанд шаҳар ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари иштирокида Амир Темур мақбараси зиёрат қилинди.

Шундан сўнг, буюк жаҳонгир, Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Ушбу ёдгорлик 1996 йилда улуғ саркарда таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан ўрнатилган ва 18 октябрь куни тантанали равишда очилган эди. Ўша куни Ўзбекистонинг Биринчи Президенти И.Каримов мазкур маросимда қатнашиб, Самарқанд шаҳар байроғига биринчи рақамли Амир Темур орденини қадаб қўйган ва бу кунни бундан буён шаҳар куни сифатида нишонлашни таклиф қилган эди.

Самарқанд куни муносабати билан бугун шаҳарда бир қатор янги объектлар очилиши, маданий-кўнчилочар тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Тадбир иштирокчилари Самарқанд давлат тиббиёт институтининг янги ўқув биноси очилишида қатнашдилар.

Маросимда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирок этиб, таълим муассасаси жамоасини янги бино билан табриклади.
Байрам тадбирлари давом этмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА