Самарқанд – дунё шахмати тарихдаги энг йирик олимпиада мезбони
Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд яна дунё эътибор марказида бўлиб турибди. Буюк ипак йўлининг чорраҳаси, илм-фан ва маданият маркази саналган шаҳарда Халқаро шахмат федерацияси (ФИДE)нинг 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси бошланди.
Самарқанд халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” мажмуасида олимпиаданинг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Амфитеатр марказидаги улкан мониторда Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси машъаласининг тантанали ёқилиш жараёни акс этган махсус видеоролик, 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва 3-шахмат паралимпиясининг расмий видеоролиги намойиш этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси иштирокчиларига йўллаган табригини мамлакат Бош вазири Абдулла Арипов ўқиб эшиттирди.
Давлатимиз раҳбари ўз табригида олимпиада иштирокчиларига муваффақият тилаб, ушбу нуфузли мусобақани Ўзбекистонда ўтказишни қўллаб-қувватлаган Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) раҳбарияти ва бошқа ҳамкорларга миннатдорлик билдирган. Шунингдек, табрикда мазкур йирик спорт анжуманлари дунё халқлари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, Ўзбекистонда шахматни янада оммалаштириш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшиши билан ҳам аҳамиятли эканлиги алоҳида қайд этилган.
Маросимда ФИДE президенти вазифасини вақтинча бажарувчи, шахмат бўйича беш карра жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд сўзга чиқиб, тадбирларга юқорида даражада кўрилган тайёргарлик учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди. 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва шу кунларда давом этаётган 3-шахмат паралимпиясининг илк бор бир вақтда ўтказилаётганига тўхталиб, бу имконияти чекланган шахслар учун жаҳон шахматининг етакчилари билан бир майдонда жам бўлиш, ўзаро тажриба алмашиш учун қулай имконият эканлигини таъкидлади. ФИДE етакчиси 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини расман очиқ деб эълон қилди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси ва Халқаро шахмат федерацияси мадҳияси янгради.
[gallery-31447]
Тадбирда мусобақа учун қуръа ташлаш маросими ўтказилди.
Тантанали маросимда ўзбек санъат усталари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.
Таъкидлаш лозимки, 1927 йилдан буён ўтказиб келинаётган бутунжаҳон шахмат олимпиадаси тарихида Марказий Осиё илк бор шахмат оламининг энг йирик жамоавий турнирига мезбонлик қилмоқда. Эътиборлиси, Самарқанд мезбонлигидаги олимпиада иштирокчилар ва жамоалар сони бўйича рекорд ўрнатмоқда. Мусобақада жами 397 та жамоа иштирок этади, яъни эркаклар (open) гуруҳида 207 та, аёллар гуруҳида эса 190 та жамоа ғолиблик учун баҳс олиб боради. Шу тариқа 2024 йил Будапештда қайд этилган 380 та жамоалик рекорд янгиланади.
Олимпиадада 1970 нафар шахматчи, жумладан, 238 нафар гроссмейстер иштирок этмоқда. Мураббийлар ва делегация аъзолари билан бирга Самарқанд мусобақа кунларида 4 мингдан ортиқ меҳмонни қабул қилади. Беллашувлар 11 турдан иборат бўлиб, 27 сентябрга қадар давом этади.
10 сентябрда бошланиб, 18 сентябрда якунланадиган 3-шахмат паралимпиясида эса 41 жамоа иштирок этмоқда. Бу ҳам парашахмат олимпиадаси тарихидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Олимпиада билан бир вақтда, 19-28 сентябрь кунлари Самарқандда 97-ФИДE конгресси ўтказилади. Унда 200 дан ортиқ шахмат федерациялари раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Конгресс доирасида ФИДE президенти сайлови ҳам бўлиб ўтади.
46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоров учун яна бир муҳим босқич вазифасини ўтайди. Олимпиада якунланганидан саккиз ҳафта ўтиб, Жавоҳир Синдоров амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу билан “Жаҳон шахмат тожи” учун баҳсга киришади. Эътиборлиси, жаҳон чемпионлиги учун тўқнашувдан аввал ҳар икки шахматчи Самарқандда ўз миллий терма жамоалари шарафини ҳимоя қилади: Синдоров – Ўзбекистон, Гукеш эса Ҳиндистон жамоаси таркибида дона суради.
46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, 3-шахмат паралимпияси ва ФИДE Конгрессининг бир вақтнинг ўзида Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистоннинг йирик халқаро спорт ва интеллектуал тадбирларни юқори савияда ташкил этиш салоҳиятини намоён этади. Бу мусобақалар Ўзбекистон шахматининг бугунги салоҳиятини намойиш этиш билан бирга, мамлакатнинг ёшлар спортини ривожлантириш, инклюзив спортни қўллаб-қувватлаш ва халқаро спорт дипломатиясини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳам янги босқичга олиб чиқади.
Ғолиб Ҳасанов, Муҳаммад Амин, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари